Исроил ҳужуми оқибатида Ғарбий Соҳилда 18 киши ҳалок бўлди
Фото: Reuters
Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги Тулкарим қочқинлар лагерига уюштирган зарбаси оқибатида 18 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди. Қутқарувчилар ярадорларни касалхонага етказишмоқда. Қолганлар қидирилмоқда.
Исроил армияси томонидан маълум қилинишича, қирувчи самолётлар пайшанба куни Исроил ички хавфсизлик хизмати билан келишилган ҳолда ҳужум уюштирган. Қўшимча қилинишича, Тулкаримдаги ҲАМАС инфратузилмаси раҳбарини нишонга олинган.
Лагер расмийси Файсал Саламанинг “AFP” ахборот агентлигига айтишича, зарба “F-16” қирувчи самолёти билан амалга оширилган. Тарқалган кадрларда кенг кўламдаги вайроналар ва ёнғинларни кўриш мумкин.
Исроил 2023 йил октябрь ойида Ғазо секторига қарши уруш бошлаганидан бери босиб олинган Ғарбий Соҳил бўйлаб ҳарбий рейдлар ва ҳужумларни кучайтирмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гуманитар идораси маълумотларига кўра, ўтган йилнинг 7 октябридан жорий йилнинг сентябрь ойининг охиригача Ғарбий Соҳилда 695 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.
Жума куни эрталаб “Al-Jazeera”нинг Иорданиядаги журналисти хабар беришича, ушбу ҳужум охирги 20 йил ичидаги Ғарбий Соҳилда рўй берган энг йирик ҳаво ҳужумидир. Лагерда одамлар зич жойлашгани боис ҳалокат кўлами ошган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги маълумотларига кўра, Тулкарим қочқинлар лагерида атиги 0,18 квадрат километр майдонда 21 мингдан ортиқ одам истиқомат қилади.
Фаластин президенти Маҳмуд Аббоснинг матбуот котиби қочқинлар лагерига қилинган ҳужумни тинч аҳолига қарши “ўта оғир жиноят” сифатида қоралади.
“Бирорта фаластинлик Исроилнинг кучли назорати остида хавфсиз эмаслиги ҳақида кўпроқ далиллар бор”, — деди БМТнинг босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Франческа Албанезе. Унинг таъкидлашича, сўнгги бир неча ой ичида Женин, Наблус, Тулкарим ва Тубас ҳудудларида, хусусан, қочқинлар лагерларида тизимли ҳаво ва қуруқлик ҳужумлари кучайган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг