Иситиш тизимида янгича лойиҳа ўз самарасини бермоқда

19:16 18 Май 2023 Иқтисодиёт
815 0

Архив фото

Республикамизда мавжуд иншоотларни куз-қиш мавсумида иссиқлик манбаи билан таъминлаш куннинг муҳим вазифаларидан бирига айланди. Узоқ йиллар давомида ҳосил бўлган муаммонинг ижобий ечимини таъминлаш вақти келди. Зеро, қайд этилишича, ҳозирда мамлакатимиздаги 15 мингта ижтимоий соҳа объектида иситиш тизимлари таъмирталаб ҳолатда. Бу эса  иссиқлик энергиясининг 35 фоизи йўқотилиши ва иссиқлик ҳарорати меъёрга нисбатан 2 баравар пастлаб кетишига сабаб бўлмоқда. Вазиятни яхши томонга ўзгартиришнинг имкони борми?

Андижон вилоятининг Бўстон туманида бундан уч йил муқаддам шу каби саволларга жавоб излаб иситиш тизимини хусусий шериклик асосида янгилаш ва бошқариш бўйича тажрибага қўл урилди. Яъни,  “Иссиқлик таъминоти” иситиш кластери томонидан Туркия технологиясини жорий этишга киришилди.  Айни пайтда ҳудуддаги 69 та объект янги лойиҳа асосида иситилмоқда. Айтиш жоиз, анъанавий усулда ушбу масканларни иситиш учун мавсумда 5,3 млрд. сўмлик ёнилғи сарфланган бўлса бугунги кунга келиб  бу кўрсаткич 3,2 млрд сўмни ташкил этмоқда. Демак, 2,1 млрд. сўмни иқтисод қилишга эришиляпти.

- Янги лойиҳанинг авзаллик жиҳатлари кўп экан,-дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош муҳандиси Ифтихор Мўминов. –Масалан, авваллари бир мавсумда 600 тонна кўмир сарфлаган бўлсак, эндиликда 400 тонна  кифоя қилмоқда. Қолаверса, олдинлари айни қишнинг қаҳратонида қозонхоналарда босимнинг ортиши натижасида носозлик юзага келар, бу эса биноларнинг маълум вақт совуқда қолишига олиб келарди. Тавсия этилган қозонхоналар компьютерлаштирилган бўлиб, автоматик тарзда бошқарилади. Бу эса меъёрий талабларни жорий этишда қўл келмоқда ва шунинг учун носозликлар юзага келмаяпти. Энг муҳими, ўтган йилнинг қиш фаслидаги аномал совуқ шароитида ҳам касалхоналаримиздаги хоналарда 25-28 даража иссиқликни таъминлай олдик.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, янги лойиҳа асосида бир тонна кўмир билан 4 минг 600 кв. метр жойни бемалол иситиш мумкин. Анъанавий усулда бунинг учун  3 тонна кўмир сарфланган. Агар тумандаги барча объектлар шу тарзда иситиладиган бўлса йилига 121,5 млрд сўм маблағ ва 143,7 минг тонна кўмирни иқтисод қилинишига эришилади.   Энг муҳими, хоналарда зарурий иссиқлик меъёрини таъминлаш имкони юзага келади.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер