Ишга жойлашишда инглиз тилининг аҳамияти қандай?
Британия Кенгаши томонидан “Олий таълимда инглиз тилининг ўрни ва битирувчиларни иш билан таъминлашга таъсири” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди. Тадбирда турли мамлакат олийгоҳлари вакиллари, республикамизда мавжуд турли университетлар раҳбарлари, талабалар, ёш тадқиқотчилар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Бугун ишга жойлашишда ёш ходимлардан компьютер саводхонлиги билан бирга хорижий тилларни, айниқса, инглиз тилини билиши энг муҳим жиҳатлардан бирига айланган. Шундай вазиятларда битирувчиларнинг аросатда қолмаслиги учун олийгоҳда атрофлича сабоқ берилиши, амалиётда бевосита тил кўникмаларини ошириш, хорижий тажриба билан танитиш лозим. Тадбирда ана шу жиҳатлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Анжуманда Британия Кенгаши томонидан “Ишга жойлашишда олий таълимнинг ўрни” деб номланган янги дастурнинг ишга туширилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Ушбу уч йиллик дастур етти мамлакат (Ўзбекистон, Қозоғистон, Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Украина ва Туркия)нинг олий таълим муассасаларини қамраб олган. Лойиҳа олий таълимда инглиз тилининг ўрни, таълим сифати, битирувчилар билим ва кўникмаларининг меҳнат бозори талабларига мувофиқлигини таъминлаш каби йўналишларни ўз ичига олади.
Бунда нафақат талабаларга инглиз тилини янада чуқур ўргатиш, балки ўқитувчиларнинг ҳам билим ва кўникмаларини ошириш кўзда тутилган.
— Лойиҳа доирасида нафақат марказий олийгоҳларда, балки барча ҳудудлардаги университетларга бориб, талабаларга тренинглар ўтказиш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, уларни халқаро тажриба билан янада яқиндан таништириш каби вазифалар кўзда тутилган. — дейди Тошкентдаги Британия Кенгаши раҳбари Речел Ирланд. — Бу каби кенг кўламли тадбирлар нафақат таълим тизимининг ривожланишига, балки олийгоҳ битирувчиларининг келгусида ишга жойлашишида ҳам имконият яратади.
Юлдуз ЎРМОНОВА,
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг