Ироданинг мустаҳкам иродаси

16:36 19 Июнь 2024 Жамият
346 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Ирода Шофирконнинг Калон қишлоғида яшайди. Тиришқоқ, интилувчан, янгиликка ташна. Табиатан хушфеъл. Аммо тақдир ундан бир ҳимматини аяган. Юра олмайди.

Тушкунликка тушган дамларим кўп бўлган, дейди у. Аммо яқинларим, 5-мактабдаги устозларим қўллаб-қувватлашди. Руҳан кучли бўлишга интилдим.

Биринчи гуруҳ ногирони бўлгани боис, у уйида якка тартибда таҳсил олди. Даволаниш учун Тошкент шаҳрига борганида шифохонада Иродага ўхшаган саломатлигида нуқсони бўлган ўғил-қизлар учун ташкил этилган тўгарак машғулотларида қатнашди. Мунчоқдан турли буюмлар тайёрлаш сир-асрорини ўрганди. Кейин кичик ҳажмли гиламлар тўқиш ҳадисини олди. Уларни сотишга ҳам улгурди. Қаҳрамонимиз шу тариқа 9-синфдалигидаёқ ҳунар этагидан тутиб, оила бюджетига ўз ҳиссасини қўшишга киришди.

Ҳунар ортидан кам бўлаётганим йўқ, дейди кулимсираб Ирода. Ўтган йилнинг ноябридан бошлаб, бир танишимнинг маслаҳати ва кўмаги билан саватчали гуллар, букетлар тайёрлашга киришдим. Бу иш осон кечмади, албатта. Аммо кишида қатъият бўлса, ўз мақсадига албатта, эришади.

Ногиронлик аравачасида туриб, ранг-баранг гулли саватчалар тайёрлаётган, маҳалла томонидан ёшлар дафтарида рўйхатга олинган Ирода Искандарованинг қўл ҳаракатларига разм солган киши қаршисида дунёқараши кенг, билимли, диди нозик ҳунар эгаси турганини ҳис этади. Эътиборлиси, 20 ёш остонасида турган қизнинг кўплаб шогирдлари бор. Улар билан ҳамкорликда Ирода биргина март ойида 2 мингтадан зиёд саватли гуллар тайёрлади. Ҳозир ҳам маҳсулотни буюртмачиларга – савдо шохобчаларига пешма-пеш етказиб турибди.

Фарзандингизни тенгқурлари каби чопқилаб юролмаслигини кўриб яшаш жуда оғир, дейди унинг бувиси Турсуной Саиджонова. Неварам давлатимизнинг ғамхўрлиги, яхшиларнинг кўмаги билан ўқиб, ҳунарли бўлди. Энди унинг эртасидан кўнглим тўқ. Ҳаётдан мамнунлигини унинг кўзлари ҳам айтиб турибди.

Назаримизда, Турсуной бувининг бу сўзларига изоҳнинг ҳожати йўқ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер