Иқтисодий салоҳияти мустаҳкам ҳудуд

13:00 11 Февраль 2025 Жамият
441 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Ургут Самарқанд вилоятидаги йирик туманлардан бири бўлиши баробарида мустаҳкам иқтисодий салоҳиятга эга. Ўзининг гавжум бозорлари билан машҳур. Ҳунармандлар марказларидан бири сифатида ҳам танилган. Дурадгорликдан тортиб сўзани ясашгача юзлаб ҳунармандлар бор. Ургут тоғларида доривор гиёҳларнинг юзлаб турини учратиш мумкин. Тарихий ҳудудлари, чиройли манзаралари қаторида туман яна бир катта бойлик – тадбирли, йўқдан бор қила оладиган салоҳиятли ишбилармонлари билан ҳам ном қозонган.

2017 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «Ургут» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилгани нафақат Ургут тумани, балки Самарқанд вилояти иқтисодиётининг ривожига сезиларли таъсир кўрсатди. Дастлаб 1 та массивда 58 та корхонадаги 700 га яқин иш ўрни билан иш бошлаган Ургут ЭИЗ айни пайтда вилоятнинг 22 та массивида умумий 1559,3 гектар ер майдонига эга. Ҳозирга қадар «Ургут» ЭИЗда қиймати 700 миллион долларлик 84 та лойиҳа ишга туширилган бўлиб, 6 618 та янги иш ўринлари яратилди. «Ургут эркин иқтисодий зонаси» корхоналари томонидан 2018 йилда 294 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсатгич ўтган йилда 4 418,0 миллиард сўмга етди.

«Ургут» эркин иқтисодий зонасининг Самарқанд туманидаги «Хишрав-2» ҳудудида қад кўтарган масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Азиа металл проф» қўшма корхонаси бугунги кунда Самарқанд вилоятидаги энг йирик иш берувчи корхоналардан бири саналади. Корхона иш бошлаши билан вилоятда янги металлургия саноатига асос солди. Мазкур корхонада 13 турдаги металл қувурлар, 17 турдаги металл профиллар, асоси пўкакли, шиша ва базальт толасидан бўлган сендвич панеллар, рухланган ва турли ранглар билан полимерланган тунукалар, гипсокартон ва бошқа металл профиллар, қурилиш симлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

— Илгари бу майдон чиқиндихонага айланган. Қуруқ шўра босиб ётган бу ерда замонавий корхоналар қурилиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган, — дейди «Азиа металл проф» МЧЖ раҳбари Одилжон Болтаев. — Дастлаб корхонада 80 нафар ишчи билан ўз фаолиятимизни бошлаган бўлсак, бугунги кунда 1400 нафардан ортиқ ишчилар меҳнат қилмоқда. Маҳаллий ва ташқи бозор талабидан келиб чиқиб ўрамали металлдан турли ўлчамдаги металл қувурлар ва профиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бундан ташқари, яна 3 та йирик лойиҳани ишга туширдик. Айни пайтда асосий хомашёмиз бўлган ярим тайёр металл листларни ўзимизда ишлаб чиқариш борасида изланишлар олиб борилмоқда. Агар бу лойиҳамиз амалга ошса, корхонада ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ маҳаллийлаштирилади.

«Ургут эркин иқтисодий зонаси»да ўтган йилда умумий қиймати 87,7 миллион долларлик 10 та лойиҳа ишга туширилди. Мазкур янги корхоналар ҳисобига 500 га яқин янги иш ўринлари яратилди. «Ургут ЭИЗ»нинг Жомбой туманидаги Назар массивида ишга туширилган «CCI Samarkand limited» МЧЖ нинг лойиҳа қиймати 78,4 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Мазкур корхона томонидан йилига 58 миллион дона ҳар хил турдаги салқин ичимликлар ишлаб чиқарилмоқда. Айни пайтда корхонада 200 нафардан ортиқ ишчи-хизматчиларнинг бандлиги таъминланган.

Самарқанд туманининг Сазаған массивида жойлашган «Telekom elevating systems» МЧЖ нинг лойиҳа қиймати ҳам 3,2 миллион АҚШ долларига тенг. Мазкур корхона лифт, эскалатор ва металлокаркас ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, бу ерда 70 киши доимий иш ўрнига эга. Ургут туманидаги Сариқтепа массивида жойлашган «Elektronics — ideal» МЧЖ томонидан ҳам ички ва ташқи бозорда юқори талабга эга бўлган замонавий чангютгич, кир ювиш машиналари, газ плита ва мини печь каби маиший техникалар ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда ҳудудда истиқомат қилувчи 150 нафардан ортиқ киши доимий иш билан банд.

— Ҳозирда корхонамизда ишлаб чиқарилаётган чангютгич, кир ювиш машиналари, газ плита ва мини печлар Ўзбекистоннинг «IDEAL» бренди остида хорижга экспорт қилинмоқда, — дейди корхона раҳбари «Elektronics — ideal» МЧЖ раҳбари Назир Асатов. — Ўтган икки йилда қарийб 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот Россия, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларига экспорт қилинди.

Ургут туманидаги Мерганча массивида жойлашган «Elite-Elektro-Group» МЧЖ корхонасининг лойиҳа қиймати 1,60 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Мазкур корхона томонидан йилига 70-80 минг дона ярим автомат кир ювиш машинаси ишлаб чиқарилади. Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг 70 фоиз асосий бутловчи қисмлари маҳаллийлаштирилган. Йиллик экспорт ҳажми қарийб 300 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

— «Ургут эркин иқтисодий зонаси»нинг ташкил этилиши ва ишлаб чиқариш корхоналарининг кўпайиши ишсизлар учун айни муддао бўлди, — дейди туманнинг «Деҳқонобод» маҳалласида яшовчи Ҳасан Янгибоев. — Оиламиздан турмуш ўртоғим, ўғлим билан «Ургут эркин иқтисодий зонаси»да ташкил этилган турли корхоналарда меҳнат қилиб даромад топяпмиз. Рўзғоримизга барака кирди. Яратилган шароитлардан мамнунмиз.

Маълумотларга кўра, «Ургут эркин иқтисодий зонаси»да жорий йилда умумий қиймати 60,2 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 10 та лойиҳани ишга тушириш, 430 та янги иш ўринлари яратиш, маҳсулот ишлаб чиқаришни 4,5 миллиард сўмга, экспорт ҳажмини 110 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, қиймати 840,7 миллион доллар бўлган 78 та лойиҳада қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур корхоналар иш бошлаши билан келгусида яна 6 мингга яқин янги иш ўринлари яратилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер