Ипотека кредитлари бўйича субсидия ажратиш механизмини такомиллаштириш масалалари юзасидан сенатор сўрови юборилди

20:47 26 Март 2026 Сиёсат
425 0

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Кобулжон Турсунов Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига сенатор сўрови юборди.

Унда аҳолини муносиб уй-жой билан таъминлаш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди. Шунингдек, камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган фуқароларга имтиёзли ипотека кредитлари ажратилаётгани ва бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар берилаётгани таъкидланди.

Шу билан бирга, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили мазкур йўналишда айрим муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, 2023–2025 йилларда субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса берилган 80 минг фуқародан 56,7 минг нафарига 4,6 трлн сўм ажратилган бўлса, 23,3 минги эса турли сабабларга кўра ушбу имкониятдан фойдалана олмаган.

Бунга янги қурилган уй-жойлар нархининг юқорилиги, субсидия асосида таклиф этилаётган уй-жойлар етишмаслиги, объектларни фойдаланишга топшириш муддатларининг ноаниқлиги каби омиллар сабаб бўлмоқда. Шунингдек, ипотека кредити ва субсидия миқдорининг чекланганлиги, айрим қурувчи ташкилотларнинг мазкур механизмда иштирок этишга қизиқиш билдирмаётгани ҳамда уй-жой нархларини сунъий ошириш ҳолатлари фуқаролар имкониятларини чекламоқда.

Бундан ташқари, субсидия ажратиш тўғрисидаги хабарноманинг амал қилиш муддати (4 ой) айрим ҳолларда етарли бўлмаётгани, айниқса янги қурилаётган уй-жойларда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш жараёнлари узоқ вақт талаб этаётгани сенатор сўровида алоҳида қайд этилган.

Шундан келиб чиқиб, сенатор ипотека субсидияларини иккиламчи бозорга татбиқ этиш, хабарноманинг амал қилиш муддатини узайтириш, ипотека кредитлари чегараларини бозор талаблари асосида қайта кўриб чиқиш ва ошириш, субсидия ажратиш жараёнини соддалаштириш ҳамда унинг шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, айрим уй-жойларни субсидия олувчилар учун квоталаш ва улар қамровини кенгайтириш мақсадида қўшимча молиявий манбаларни жалб этиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан асосланган тушунтириш беришни сўраган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер