«iPhone» ишқибозлари учун муҳим янгилик эълон қилинди

18:34 28 Май 2025 Дунё
328 0

«Apple» корпорацияси 2025 йил охиригача «iPhone» қурилмалари учун янги ўйин сервисини ишга туширади. «Bloomberg»нинг ёзишича, ушбу янги дастур «Apple» экотизимидаги марказий ўйин платформасига айланади ва 2010 йилда ишга туширилган «Game Center» иловасининг ўрнини эгаллайди. Янги сервисда дўстлар рўйхати, рекордлар жадвали ва бошқа ижтимоий ўзаро алоқа воситалари ҳам бўлади.

Янги платформа «Apple Arcade» билан тўлиқ интеграциялашган бўлади. Айтиш мумкинки, «Apple Arcade» – бу 2019 йилдан бошлаб обуна асосида фаолият юритаётган ўйин сервиси бўлиб, унда турли премиум ўйинларга рекламасиз ва харидлар бўлмасдан кириш мумкин. Янги иловада фойдаланувчилар «App Store» ва «Apple Arcade»даги ўйинларга бир жойда кириш имконига эга бўладилар, лекин илова «Apple» экотизимидаги асосий рақамли дўкон – «App Store»дан мустақил ишлайди.

«Bloomberg» манбаларининг айтишича, янги сервисда бир нечта алоҳида бўлимлар бўлади. Уларнинг энг асосийси — «Play Now» (Ҳозир ўйна) деб номланади. Бу бўлимда фойдаланувчиларга «Apple» муҳаррирлари томонидан тавсия этилган ўйинлар ва дўстлари ўйнаётган ўйинлар кўрсатилади. Сервис фойдаланувчиларга шахсийлаштирилган ўйин тажрибасини таклиф қилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, сервис «FaceTime» ва «iMassage» билан интеграциялашади. Бу эса ўйинчилар учун видео-қўнғироқ ва матнли хабарлар орқали ўзаро мулоқотни осонлаштиради. Шу тариқа, «Apple» ўйинлар орқали ижтимоий тармоққа хос тажрибани кучайтиришни мақсад қилган.

Янги сервис «iOS 19» тизимининг бир қисми сифатида тақдим этилади. «Apple» анъанага кўра ҳар йили июн ойида ўтказиладиган WWDC (Worldwide Developers Conference) конференсиясида янги операцион тизимларини тақдим этади. Жорий йилда мазкур тадбир 9 июнга белгиланган бўлиб, янги сервис ҳам айнан шу куни намойиш этилиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер