Инсонийликнинг энг олий мезони

12:14 06 Ноябрь 2023 Жамият
491 0

Халқимизга хос хислатлар ҳақида сўз кетганда, мурувват ва меҳр-оқибат, саховатпешалик алоҳида тилга олинади. Чиндан ҳам, бу каби инсоний фазилатлар юртдошларимизнинг кундалик ишлари, ниятлари билан уйғунлашиб кетган.

Бинобарин, инсон ва унинг манфаатлари устувор саналган мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат замирида ҳам аҳоли турмушини янада фаровон этиш, эҳтиёжмандларга кўмаклашиш каби улуғвор мақсадлар мужассам.

Инсон қадри улуғланаётган янги Ўзбекистонда ёлғиз қариялар, пенционер, ногиронлар ҳамда меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар ҳолидан хабар олиш, ғамхўрлик кўрсатиш учун барча зарур шарт-шароит яратилаётир. Ижтимоий соҳага жамоатчилик эътиборини кучайтириш, манзилли ижтимоий ҳимояни кафолатлаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан биридир.

Бу борада, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламига манзилли ёрдам кўрсатиш, бу соҳада бажарилаётган ишлар самарадорлигини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратилган.

Жумладан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларидан таркиб топган навбатдаги саховат карвони 2023 йилнинг 4 ноябрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари билан биргаликда Тошкент шаҳар Яшнобод туманида жойлашган 30-сонли меҳрибонлик уйига ташриф буюрдилар.

Ташриф доирасида мазкур меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун турли спорт ўйинлари, давра суҳбатлари, Академия Оркестри, ҳарбий хизматчилари ва курсантлари ижросидаги Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, шу билан бирга бир-биридан қизиқарли маънавий-маърифий тадбирлар, бадиий китоблар тўпламлари, эсдалик совғалари ҳамда улар учун байрамона дастурхон кўрки бўлган ўзбегим ошлари юқори савияда ташкил этилди.

Ташкил этилган тадбирларни тарбияланувчилар катта қизиқиш билан қабул қилганликлари ва уларнинг ўзлари ҳам ушбу тадбирларда фаол иштирок этганликлари, барча иштирокчиларда бирдек илиқ таассуротлар қолдирди. Шунингдек, жажжи болажонларга кўтаринки кайфият улаша олган куй-наволар, уларнинг қалбларида ўчмас из қолдирди.

Тадбир якунида мазкур муассаса раҳбарияти ва тарбиячилари томонидан эзгулик улашиб келаётган Академия раҳбариятига ва ҳарбий хизматчиларига самимий миннатдорчилик билдирдилар.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, саховатпеша бўлиш энг олий фазилатдир. Кимгадир мурувват кўрсатиш, шу йўл билан савоб олиш инсонийликнинг бош мезонларидандир.

─ Одатда сахийликни кўпроқ бадавлат одамлардан кутамиз. Аслида, ҳар биримизнинг қурбимиз етганича, имконият даражасида саховат кўрсатишимиз — бизнинг инсоний бурчимиздир дейди ─ 30-сонли меҳрибонлик уйи директори – Феруза Усмонхўжаева ─ хайру саховат инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат ва оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади, десам муболаға бўлмайди.

Фарҳоджон ХЎЖАЕВ,

Академия катта ўқитувчиси, майор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер