Илм-маърифатсиз тараққиётга эришиб бўлмайди

21:23 20 Декабрь 2022 Жамият
1351 0

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг нафақат бир йиллик, балки яқин келажакдаги йўналишлари аниқ белгилаб берилди. Унда кўтарилган масалалар, белгилаб берилган устувор вазифалар орасида таълим билан боғлиқ устувор мақсадлар борлиги биз педагогларни янада руҳлантирди.

Айниқса, давлатимиз раҳбари таклифи билан мамлакатимизда 2023 йилни «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили», деб номланиши юртимизда илм-фан, таълимга бўлган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди. Бинобарин, инсон қадрига эътиборсиз ва илм-маърифат ривожисиз юрт тараққиётига эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир. Бежизга, илм саодатга элтувчи ягона нажотдир, дейилмаган. Айни жараёнда таълимга киритилган инвестиция келажакка киритилган инвестициядир. Бу эса халқ фаровонлигини, юрт келажагини мустаҳкамлайди.

Мурожаатномада таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, янада сифатли таълим бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалалари алоҳида айтиб ўтилди. Биринчи навбатда, эътибор янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилиши таъкидланди. Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Янги 2023 йилдан бошлаб бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилиб, Қорақалпоғистон ва Хоразмда йўлга қўйилган бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш амалиёти келаси ўқув йилидан қолган вилоятлар ҳам жорий этилиши Президент томонидан таъкидланди. Ёшларимиз мактаб давриданоқ жонажон она тилимиз билан бирга, чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютер саводхонлигини ҳам ўзлаштиришлари зарур. Шу боис, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланади.

Қайд этилдики, келаси йили 70 та янги мактаб қурилади, 460 таси кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келаси беш йилда уларнинг сони 1 мингтага етказилади. Шунингдек, 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарурлиги тилга олинди. Бу мақсадда 2023 йилдан бошлаб янги дастур амалга оширилади. Яъни, ҳар бир вилоятда биттадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади. Мактабгача таълимда боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади. Бу билан фарзандларимиз болаликдан билим олиши, жамоатчиликка мослашиш кўникмалари аста-секин шаклланишига эришамиз. Зеро, ёшликда олган билим тошга ўйилган нақшдир.

Президент Мурожаатномасида биз ўқитувчилар, педагоглар меҳнати, заҳмати алоҳида тилга олинди. Уларнинг тажрибасини ошириш, ўқувчиларда эркин, танқидий ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарурлиги, эл-юрт орасида обрўсини юксалтириш, ҳақида билдирилган фикрлар бизни бу соҳада янада кўпроқ изланишга ундайди.

Биз ўқитувчилар мурожаатномада ўзимиз учун кўплаб муҳим устувор вазифалар белгилаб олдик. Ундаги айрим масалалар қалбимиздаги истак бўлиб, халқимиз гувоҳ бўлиб турган таълим йўналишидаги ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлайди.
Шавкат ҲАЙИТОВ,
Бухоро давлат университети
Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти,
филология фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер