Илм-фан билан бирга келажакка одимлаймиз
“Халқ сўзи ONLINE”
Тарих ва бугунги кун илм-фан тараққиёти инсоният ривожланишида нечоғли аҳамиятли эканлигини кўрсатиб берди. Турли суронли йиллар ҳамда мустабид тузум даврида юртимиз фарзандлари ичидан етишиб чиққан олиму фузалоларнинг бой илмий мероси қисман йўқотилди.
Биз Абу Али ибн Синони — Авиценна, Ал-Фарғонийни — Ал-Фраганус, Ал-Хоразмийни — Алгоритм номи билан таниганимиз ҳам айни ҳақиқат. Минг шукрки, инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган мустақиллик туфайли “Янги Ўзбекистон” номи билан тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйдик. Албатта, бу қутлуғ қадам давлатимиз раҳбари ташаббусига кўра илм-фан билан ҳамнафас тарзда ташланмоқда.
Мактабгача таълимдан олий таълим ва кейинги таълимгача бўлган тизимда чуқур, узоқни кўзлаб амалга оширилган ислоҳотлар асрларга татигулик воқелик бўлди. Хусусан, кейинги тўрт йил давомида 43 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 121 тага етди. Қабул квоталарининг ҳам шунга мутаносиб равишда оширилиши ёшларнинг истеъдод ҳамда қобилияти, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Тошкент давлат иқтисо¬диёт университетида ҳам учта хорижий олий таълим муассасаси билан қўшма таълим дастури фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда 6 та бакалавриат таълим йўналишида 700 нафар, 3 та магистратура мутахассислигида 50 нафар талаба таҳсил оляпти. Умумий қилиб айтганда, барча таълим йўналиши бўйича университетга қабул квоталари сони 1280 тадан 1982 тага етди. Шунингдек, ўтган қисқа вақт мобайнида профессор-ўқитувчиларга меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори 4 баробаргача оширилди. Бу эса, ўз навбатида, фан ва олий таълим соҳаси ходимларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, уларнинг касб нуфузини ошириш, иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳа тармоқларида кенг кўламли таркибий ўзгаришларни юзага чиқаришда олимлар, ўқитувчиларнинг фаол иштирокини таъминлашда муҳим қадамдир.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бугунги давр талаби нуқтаи назаридан олий таълим тизими олдида ҳам бир қатор масалаларни ҳал қилиш вазифаси турибди. Булар — таълим сифатини юксалтириш, фаолиятни янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш, дарсликлар савияси ҳамда ўқув қўлланмалар сифатини таъминлаш, пандемия шароитида ноодатий тарзда ишлаш кўникмаларига эришиш кабилардир. Бу жараёнда, биринчи навбатда, профессор-ўқитувчиларнинг касбий малакасини ошириш, уларнинг сифатли таълим бериши учун тегишли шароитларни яратиш ҳам муҳим ҳисобланади. Шунингдек, интернет тезлиги паст ёки етиб бормаган ҳудудларда талабаларнинг алоҳида шароитларда таҳсил олишига замин ҳозирлаш ҳам долзарб масала. Масофавий таълим беришни самарали йўлга қўйиш интернет тезлиги, сифати ва унга сарф бўладиган трафиклар миқдорига боғлиқ. Бу борада ҳам давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида вазифа белгилаб берилди ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, фаолиятга татбиқ қилинмоқда. Эндиликда олий таълим муассасаларининг масофавий таълим бериш платформасидаги ресурслардан фойдаланганда интернет трафиклари сарф қилинмайди.
Пандемия туфайли юзага келган вазият масофавий таълим орқали ўқув йилини якунлашни тақозо қилди. Масофавий таълимга ўтиш бир томондан жиддий тайёргарликни, иккинчи томондан, қисқа фурсатда уни жорий этишни талаб қилар эди. Бу фаолият эришилган ютуқлар билан бирга, таълим олувчилар — талабаларнинг бир қатор эътирозларига ҳам сабаб бўлди. Шундан келиб чиқиб, фаолият чуқур таҳлил қилинди, талабаларнинг таклиф ва талаблари кенг ўрганилди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Ҳозирги замон талабига жавоб бера оладиган мутахассислар тайёрлаш учун ўқув жараёнини ташкил этиш жиддий муносабатни талаб қилади. Шунинг учун ҳам талабаларнинг таълим олишда анъанавий ўқитиш усулидан, уларнинг мустақил фаолиятига катта эътибор бериш муҳим аҳамият касб этади. Мустақил таълим беришдан кўзланган мақсад талабани ўз ҳолига ташлаб қўйиш эмас, балки уни мустақил изланиши учун тўғри йўналти¬ришдан иборат. Мустақил таълимни фаоллаштирмасдан талабаларни самарали ўқитишни кўз олдимизга ¬келтиришимиз қийин. Шундай экан, ҳозирги давр мутахассисидан юқори даражадаги тайёргарлик, мустақил равишда қарорлар қабул қилиш, белгиланган вазифаларни бажариш учун кўп маълумотлар орасидан зарурини танлай билиш ва бу маълумотларни қайта ишлай олиш талаб қилинади. Бундай салоҳиятга эга мутахассислар ҳозирги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга изчил татбиқ этишда ¬асосий куч эканлигини унутмаслигимиз зарур.
Хабарингиз бор, 2020 йил 1 январдан бошлаб республикамизнинг бир қатор олий таълим муассасалари мустақил молиявий фаолият олиб боришга ўтди. Бу, ўз навбатида, таълимга инновацион технологияларни жорий қилиш, олий таълим ва ¬ишлаб чиқариш ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор профессор-ўқитувчилар ҳамда иқтидорли талабаларни моддий рағбатлантириш имкониятларини оширди. Илм-фан ютуқлари, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш орқали фаолиятга инвестицияларни жалб қилишга рағбат уйғотди. Зеро, бугунги рақобат муҳити замонавий илм-фан ва инновация ютуқларини кенг жорий этишни тақозо қилади.
Мансур ЭШОВ, Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг ўқув ишлари бўйича проректори.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг