Иккинчи сектор ишларни “маҳаллабай-хонадонбай ва аҳолибай” ташкил қилмоқда.
Ҳасан Пайдоев - "Халқ сўзи"
Жомбой туман прокуратураси сектори томонидан Президентимизнинг топшириқ ва кўрсатмалари асосида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмушини яхшилаш, эҳтиёжманд оилаларга кўмак кўрсатиш, уларнинг доимий даромад манбаини яратиш, ишсизликни йўқотиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишда аҳоли, ёшлар ҳамда хотин-қизлар билан мунтазам сайёр учрашувлар ўтказишни йўлга қўйиш, ижтимоий объектларни қуриш ва таъмирлаш, жиноятчиликни олдини олишга қаратилган ишларда “маҳаллабай-хонадонбай ва аҳолибай” ишлаш тизими йўлга қўйилган.

Туман прокуратурасига қарашли иккинчи сектор ҳудудида бугунги кунда 10 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларда 8706 та хонадон, 10797 оила, 45851 нафар аҳоли бор.
- Иккинчи сектор штабининг кўмаги билан жорий йилда ҳудудда 10 та мактаб, 35 та хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, 1 та замонавий бекат ташкил этилиб, 3 та маҳалла бинолари, 2 нафар эҳтиёжмандлар учун уй-жойлар қуриб берилди, 15 нафарининг уйлари таъмирланди, - дейди Жомбой туман прокурори, иккинчи сектор раҳбари Жамшид Ахмедов. - Шунингдек, маҳаллалардаги болаларни мактабгача таълимга қамраб олинишини кўпайтириш мақсадида сектор ёрдамида ташаббускор тадбиркорлар томонидан 1 та 100 ўринга мўлжалланган нодавлат, 7 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги ва 1 та 120 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, тадбиркорлар жалб қилиниб, сектор ҳудудидаги 2 та Кўкгумбаз ва Ғазира маҳалла фуқаролар йиғинлари учун давлат хусусий шерикчилик шартлари асосида янги бинолар қуриб берилди вамаҳаллаларда обдонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Эътиборлиси, “Қўлбости” МФЙ эски биноси замонавий тарзда таъмирланиб, бинонинг бўш турган хонасида тикув цехи ташкил этилди. Натижада “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”даги 15 нафар ишсизларнинг бандлиги таъминланди.

- “Аёллар дафтари”да рўйхатда турар эдим. Туман прокурорининг ташаббуси ва иккинчи сектор штаби аъзоларининг ёрдами билан маҳалламиз биносида тикув цехи ташкил этилди, - дейди Зилола Ўрозалиева. - Бу ерда ишлаётган аёллар учун 10 та тикув машинкаси олиб берилди. Тикиш-бичиш қўлимдан келгани учун энди уларга ҳам ўргатиб, ишни йўлга қўйдик. Меҳнатга яраша даромадимиз ҳам яхши бўляпти.
Иккинчи сектор томонидан “Қўлбости” маҳалласида яшовчи “Темир дафтар”да турувчи Р.Сатторова, Н.Эргашевалар учун янги уй-жойлар қуриб берилди. Шунингдек, Ш.Розиқова, “Ёшлар дафтари”да турувчи Г.Раҳматуллаева ҳамда якка ёлғиз фуқаро З.Чўлиеваларнинг хонадонлари ҳам тўлиқ таъмирланиб, боқувчисини йўқотган 15 нафар хотин-қизларга қурилиш материаллари олиб берилди.
- “Темир дафтар”да тураман. Қизим ва набирам билан бирга 1960-йилларда қурилган авария ҳолатидаги уйда яшар эдик, - дейди Раъно Сатторова. - Иккинчи сектор раҳбарининг ташаббуси билан бизга ҳашар йўли билан икки хона ва бир даҳлизли янги уй қуриб берилди. Бизни ўйлаб шунчалик шароит яратиб бераётганликлари учун аввало, Президентимиз ва сектор раҳбарларидан миннаддормиз.
Бундан ташқари, “Қўлбости” маҳалласида ўтказилган мониторинглар давомида энг эҳтиёжманд 36 та оила танлаб олиниб, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида ҳомийлар жалб қилиниб, хонадонларининг жорий таъмирланиши ва ободонлаштирилиши таъминланди.

Сектор ҳудудидаги Ғазира, Кўкгумбаз, Полвонариқ, Қўлбости МФЙларида 21 турдаги зарурий хизмат турлари ташкил этиш учун имтиёзли кредит асосида 14 та йўналиш бўйича тўлиқ жиҳозланган ҳолда контенерлар ўрнатилди.
Жумладан, “Қўлбости” қишлоғида 4 дона контенер ўрнатилди. Ушбу контенерларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи 4 нафар хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг бандлиги таъминланиб, аҳолига сартарошхона, гўзаллик салони, компютер хизмати ва гўшт дўкони савдо хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди.
Шунингдек, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи Ш.Суюндиқовга ўзининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун “Қўлбости” маҳалла биноси ёнидан ажратиб берилган ер ҳамда имтиёзли кредит эвазига нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи, савдо дўкони, Халқ кутубхонаси ташкил этилди. Энди у тадбиркор бўлиб, маҳалла аҳлига холис хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга ушбу ҳудудда яшовчи 5490 нафар фуқароларнинг таклифлари инобатга олинган ҳолда сектор раҳбарининг амалий ёрдами асосида тадбиркор фуқаро Шариф Жумановга ажратиб берилган 100 миллион сўм банк кредити ва ўз маблағлари ҳисобидан аёллар ҳамда эркакларга мўлжалланган замонавий ҳаммом қурилди.
“Кўкгумбаз” маҳалласидаги 35-мактабнинг бўш турган биносидан унумли фойдаланиш учун сектор томонидан тикувчилик, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ташкил этилиши натижасида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи 40 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

- Ишсиз ва “Аёллар дафтари”да рўйхатда турар эдим. Мана шу тикувчилик цехининг иш бошлаши билан мен ҳам ишлик бўлдим, - дейди Барно Шукурова. - Буюртмага қараб аёллар кийимлари, махсус кийимбошлар ва пардалар тикамиз. Қанча кўп иш бажарсак, топишимиз ҳам шунга яраша кўп бўлади. Ҳозирча ёмон эмас. Энг муҳими рўзғоримизга ёрдамимиз тегаяпти. Ташаббукор иккинчи сектор раҳбарларидан миннаддормиз.
Сектор ҳудудида яшовчи 5718 та ишсиз фуқароларнинг ўзини-ўзи банд қилишлари ва уларга қўшимча даромад манбаини яратиш мақсадида ғалладан бўшаган майдонлардан кластерлар, фермер хўжаликлари ҳамда экспортёр корхоналар ёрдамида пешма-пеш равишда такрорий экин экиб, етиштириб олишлари учун ер майдонлари ажратилиши йўлга қўйилди.
Жумладан, бугунги кунга қадар сектордаги аёллар ва ёшлар дафтарида рўйхатда турган 390 нафар ҳамда бошқа ишсиз 3200 нафар фуқароларнинг ҳар бирига 30 сотихдан ғалладан бўшаган ер майдонлари ажратилиб, экин экиб берилиши натижасида уларнинг бандлиги таъминланди.


- “Ёшлар дафтари”да рўйхатда тураман. Менинг бандлигимни таъминлаш ва даромад манбаига эга бўлишим учун Ғазира маҳалласидаги “Азизбек агро ҳосил” фермер хўжалиги даласидан 30 сотих ер беришди, - дейди Шерзод Тиллаев. - Бу ерга ловия экдим. Ҳозир экин чиқиб қолди. Яхшигина даромадни кўзлаб турибман. Худо хохласа бу оилавий шароитимни яхшилашга ёрдам бўлади.
Туманнинг иккинчи сектори ҳудудида “Темир дафтар”га киритилган 1010 нафар шахснинг бандлиги таъминланди, 14 нафар фуқаро савдо дўкони, компютер хизматлари шахобчаси, гўзаллик салони, сартарошхонага эга бўлди.
“Аёллар дафтари”га киритилган 581 нафар хотин-қиздан 542 тасининг муаммоси ҳал этилди.
“Ёшлар дафтари”га киритилган 930 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди.
Сектордаги 15 та умумтаълим мактабида ўтказилган мониторингларда уларнинг ҳудудидаги (ўртача 1-1,5 гектар) жами 11,44 гектар қишлоқ хўжалигига яроқли бўлган унумдор ерларнинг қаровсиз ва ачинарли аҳволга келиб қолганлиги аниқланди. Бу ерлардан ҳамда мактаб атрофидаги аҳоли хонадонларининг томорқа ер майдонларидан унумли фойдаланишни ташкил қилиш мақсадида мактабларнинг хўжалик мудирлари ва хизматчиларидан 19 нафарига имтиёзли тарзда мотокультиваторлар олиб берилди. Эндиликда мазкур техникалар ёрдамида мактаблар ҳам аҳоли томорқалари ҳам обод.

Бугунги кунда секторларга қўйилаётган вазифалар кўлами кундан-кунга ортиб бораётганлигини инобатга олиб, уларнинг халқ манфаати йўлидаги фаолиятини янги босқичга кўтариш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этиш ишларини “Маҳалла раиси ислоҳотчи” тамойили асосида тизимли ташкил этиш мақсадида сектор ҳудудидаги 10 та маҳалла раислари ҳамда секторнинг 20 нафар ишчи гуруҳи аъзолари Бухоро вилоятининг энг намунали ҳисобланган Когон туман прокурори секторига бориб, тажриба алмашиб келишди. Шунингдек, Бухоронинг тарихий обидалари ҳамда зиёратгоҳларига саёҳат ташкил қилинди.
Бу борадаги назорат тадбирлари тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Абдулазиз Йўлдошев,
Ҳасан Пайдоев
(Халқ сўзи)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг