Икки ҳудудда психотроп моддалар савдоси тўхтатиб қолинди
Кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси фош этилди. Бу ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Унда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Олмалиқ шаҳри бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.
Аниқланишича, «Д.Д.» АЖга қарашли дорихона фармацевти Т.З. 300 дона «Бензонал» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро У.Б.га шифокор рецептисиз сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Шу каби яна бир ҳолат, Департаментнинг Кармана тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам аниқланган.
Унга кўра, «А.В.» МЧЖ дорихонаси сотувчиси Н.Р. фуқарога 13 қути «Омнадрен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 7,8 миллион сўмга сотишга келишиб, шундан 2 миллион сўмини фуқаро З.Х.нинг банк пластик картасига ўтказиб, қолган 5,8 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг