I Халқаро медиа ва туризм форумида Марказий Осиёда экотуризмни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди
Қозоғистоннинг Олмаота вилояти Конаев шаҳрида 21–23 июль кунлари бўлиб ўтган I Халқаро медиа ва туризм форумида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вакиллари иштирок этди.
“Туркийзабон журналистлар жамғармаси” жамоат фонди томонидан Олмаота вилояти ҳокимлиги, Қозоғистон Республикаси Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги, Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Қозоғистон, Буюк Британия, Швейтсария, Австрия, Бельгия, Германия, Франция, Нидерландия, Молдова, Туркия, Шимолий Кипр, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон каби хорижий давлатлардан 200 га яқин оммавий ахборот воситалари ва туризм вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Экология вазирлиги томонидан вазирнинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Лола Раҳмонбоева “Марказий Осиёда экотуризмни ривожлантириш истиқболлари” мавзусида тақдимот қилди. Унда ҳудудда экотуризмни ривожлантиришнинг афзалликлари, камчиликлари кўрсатиб ўтилди ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, форум доирасида тадбир иштирокчилари Қозоғистоннинг Чарин канёни ва Кўлсай кўли каби диққатга сазовор жойлари ва табиий масканларида бўлишди.
Маълумот учун, форумни ўтказишдан мақсад – медиа ва туризм соҳасидаги янги жараёнларни ҳисобга олган ҳолда тажриба алмашиш, ахборот маконини кенгайтириш, ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Қозоғистоннинг тарихий-маданий масканларини хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида тарғиб қилиш, ОАВ вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг