Ҳужжатларнинг қабул қилиниши бўйича депутатлар позицияси қандай?

19:10 14 Ноябрь 2022 Сиёсат
633 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари обдон муҳокама қилинди.

Хўш, мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши бўйича депутатлар позицияси қандай?

Шоҳиста Турғунова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Ўзбекистон ва Қирғизистон яқин қўшни мамлакатлар сифатида, кўп йиллик ягона тарих, ўхшаш маданият, муштарак тил ва маънавий қадриятлар уйғунлиги каби алоқадор жиҳатлари билан бир-бирига чамбарчас боғланган.

Охирги йилларда Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этиш мумкин.

Бу ўз навбатида, аввало икки халқ манфаатларини таъминлашга, ўзаро муносабатларни янада яхшилашга, аҳоли турмуш даражасини яхшиланишига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Икки миллат ўртасида яқин қўшничилик ва дўстона муносабат тикланмоқда.

Хусусан, охирги йилларда Республикамиз олийгоҳларида таҳсил олаётган қирғиз ёшлари сафи 14 баравар ошган бўлса, Қирғизистон университетларидаги ўзбек талаба ёшлари сони 7 бараварга кўпайди. Ўзбек ва қирғиз халқлари туркий халқлар ҳисобланиб, яқин қўшничилик ва дўстона муносабатда бўлишган. Бу икки халқ ўртасида келишиб бўлмайдиган масаланинг ўзи бўлмаслиги керак деб, ҳисоблаймиз.

Мана бугун ҳам икки давлат манфаатларига хизмат қилувчи яна бир тарихий ҳужжатни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилиш арафасидамиз. 

Албатта, депутатлик корпуси ҳам сайлов округларимиздаги фаолиятимиз давомида мазкур битимда кўзда тутилган қоидалар ижросини ҳукумат томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан депутатлик назоратини ўрнатамиз.

Мазкур ҳужжатлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегараси бўйича кўплаб масалалар юзасидан келишмовчиликларни бартараф этишга ва чегара ҳудуди барқарорлигига ишончни уйғотадиган икки томонлама алоқаларни, биринчи навбатда, чегара ҳудудларида кенгайтириш ва чуқурлаштиришга кучли туртки беришга хизмат қилади.

Хусусан, мамлакатларимизда савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, қурилиш, экология, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги улкан салоҳиятдан фойдаланиш имконини беради.

Мазкур қонун лойиҳаларининг қабул қилиниши Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари ўртасидаги ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқишига ишонаман ва қонун лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Шуҳрат Полвонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Ўзбекистон Қирғизистонни ўзининг стратегик ҳамкори деб билади, у билан икки мамлакат ҳалқлари манфаати йўлида ҳамкорликни ҳар томонлама чуқурлаштириш ва кенгайтиришга қатъий қарор қилади.

Бунинг тасдиғи сифатида, Ўзбекистон ва Қирғизистон мамлакатлар ўртасидаги абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома (1996 йил 24 декабрь) ва стратегик шериклик тўғрисидаги декларация (2017 йил 6 октябрь), БМТ Низомининг мақсадлари ва тамойилларига содиқлик асосида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигига 2023 йилда ўттиз йил бўлади. Бу икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли дўстлик, яхши қўшничилик анъаналари Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлигини янада ривожлантириш борасидаги ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири саналади.

Ҳозирги кунда икки мамлакат қонунчилик базаси 200 дан ортиқ ҳужжатлардан иборат бўлиб, улардан Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома ва Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларациянинг имзолангани муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда мамлакатларимиз орасидаги чегара масалаларини тўлиқ ҳал этилаётганлиги энг катта ютуғимиз ҳисобланади.
Албатта, бу келишувга эришиш осон ва ўз ўзидан бўлгани йўқ. Бунга икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ҳамда махсус комиссиянинг машаққатли меҳнати натижасида эришилган.
Биз махсус комиссиянинг олиб борган ишларидан нафақат хабардор бўлдик, балки парламент вакиллари ҳам махсус комиссия фаолиятида бевосита иштирок этди. 

Кўрилаётган қонун лойиҳалари қабул қилиниши Ўзбекистон ва Қирғизистон қардош халқлари ва келажак авлодлари учун чегара ҳудудларида тинч ва барқарор ҳамкорлик қилиш учун янада қулай шарт-шароит ва мустаҳкам ҳуқуқий асосни яратади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳалари депутатлар томонидан қабул қилинди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси ўз ишини якунлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер