«Ҳожатбарор» фирибгар!
Қўштепа туманида яшовчи салкам 40 ёшли, 4 нафар фарзанднинг отаси А. Ҳусанбой олий маълумотли мутахассис сифатида бир муддат халқ таълими тизимида фаолият кўрсатди. Аммо нафси йўлдан уриб, пул топишнинг осон йўлларини излади ва адашди.
2019 йилнинг апрель ойида эски таниши Т. Дилфузани (исм-шарифлар ўзгартирилган) кўчада учратиб, сиртдан танишлари орқали Фарғона давлат университетига ўқишга киритиб қўйишга ваъда бериб 500 АҚШ долларини олган ва ўз манфаати учун ишлатиб юборган.
«Ҳожатбарор» фирибгар 2018 йилнинг май ойидан 2019 йилнинг июнь ойига қадар яна бир ҳамтумани Д. Умидани чув тушириб, уй қуриш учун ер олиб бериш ваъдаси билан алдаб юрган. Шу тариқа ҳамтуманини такрор ва такрор алдаб, 2 минг 500 доллар, 15 миллион сўм пулларини олиб ўз нафси учун сарфлаган.
2020 йилнинг май ойида яна бир тумандоши — Ж. Ҳалимани 11 синфни тугатганлик ҳақида аттестат олиб бериш билан алдаб, 400 минг сўм пулини олган. Аммо амалда ҳеч бир ваъдасини бажармай, фирибгарлик билан топган пулларини ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб келган.
Яқинда жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман суди томонидан унга нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман раиси А. Эргашев раислигида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида қонун устуворлиги таъминланиб, А. Ҳусанбойнинг қилмишига яраша жазо чораси тайинланди.
Б. Мадиёров,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг