Ҳокимга саволингиз борми?

14:59 20 Июнь 2022 Жамият
600 0

Фото: Халқ сўзи

Шу йилнинг 15 июнь куни Президентимиз раислигида аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда мактаб, коллеж ва техникумларни битирган, катта ҳаётга қадам қўйган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, ушбу мақсадда шаҳар-туман ҳокимлари ҳудуддаги битирувчилар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиши зарурлиги белгиланди.

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдашев бу борада белгиланган энг муҳим вазифалар ижроси юзасидан 2-сонли касб-ҳунар мактабида битирувчи ёшлар билан учрашди.

Туман ҳокими ўринбосарлари, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ва бошқа тегишли ташкилот, муассасалар раҳбарлари иштирокидаги учрашувда ҳудуддаги 4- ва 8-умумтаълим мактаблари битирувчилари ҳам қатнашди.

Мулоқотда битирувчиларни олий таълимга қамраб олиш, касб-ҳунарга ўргатиш, айни жараёнда умумтаълим ва касб-ҳунар мактабларида олиб борилаётган чора-тадбирлар бевосита 2-сонли касб-ҳунар мактаби мисолида муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, мазкур касб-ҳунар мактабини жорий йилда 3 та йўналиш бўйича 208 нафар йигит-қиз битирди. Улар ўртасида ўтказилган дастлабки сўровнома натижаларига кўра, 64 фоизи олий таълим муассасасаларга ҳужжат топшириш, 24 фоизи тадбиркорлик билан шуғулланиш, 12 фоизи эса эгаллаган касби бўйича фаолиятини давом эттириш истагини билдирган.

Эътиборлиси, тадбиркорлик билан шуғулланиш ниятидаги битирувчи ёшлардан баъзилари айни шу соҳада ўз фаолиятини бошлашга ҳам улгурди. Уларнинг 2 нафари сартарошлик, 5 нафари пайвандлаш ишларини йўлга қўйган бўлса, 10 нафари автомобилларга сервис хизмати кўрсатиш шохобчасини очди ҳамда 8 нафар қизлар тикувчилик цехини ташкил этди.

Битирувчи Зиёдбек Шарифжонов туман ҳокимига савол билан юзланиб, касб-ҳунар мактаби ўқув-машғулот устахоналари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш таклифини илгари сурди. Сарвар Алимов ўзи амалиёт ўтаган корхонада доимий иш билан банд бўлишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Самимий мулоқот давомида касб-ҳунар мактабида IT-марказ ташкил этиш, битирувчиларни ҳудудга яқин Шўрсув маҳалласидаги саноат ва қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналарига кўпроқ жалб этиб, бандликни таъминлаш таклифлари ҳам ўртага ташланди. Таклифлар маъқулланиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди ва ижроси бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

— Ёшларнинг орзу-мақсадлари, шижоати, интилиши ҳавас қилишга арзийди,-дейди Ўзбекистон тумани ҳокими Ш. Юлдашев. — Бу йил тумандаги 2 та касб-ҳунар мактаби, 71 та умумтаълим, 4 та ихтисослашган давлат умумтаълим мактабини 3 минг 200 нафардан зиёд ўғил-қизлар битирди. Уларнинг қарийб 80 фоизи ўқишни олий таълимда давом эттириш ниятида. Келажагимиз ворисларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашимиз керак.

Айни кунларда Фарғона вилоятининг барча шаҳар-туманларида ҳокимларнинг битирувчи ёшлар билан ана шундай мазмундаги учрашувлари давом этмоқда.

Ботир Мадиёров,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер