Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди
2021 йилда Сирдарё вилоятида тажриба тариқасида йўлга қўйилган Давлат тиббий суғуртаси тизими 2027 йил январь ҳолатида юртимизнинг барча ҳудудларига жорий этилиши режалаштирилган. Ўтган йиллар давомида давлат тиббий суғуртаси тизими Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Сирдарё, Навоий, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида жорий этилди. Жорий йилда Фарғона, Андижон, Наманган, Сурхондарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларида босқичма-босқич жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Бунда эса Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 сентябрда қабул қилинган “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш жараёнида тиббий хизматларни молиялаштиришнинг янги тизими қўлланилиб, имтиёзли тоифадаги шахсларда ўтказилган юқори технологик операцияларнинг сарф харажатларини Жамғарма қоплаб бермоқда. Жумладан, 2025 йилда имтиёзли йўлланма асосида 101 минг нафардан зиёд бемор ана шундай ёрдамни олди. Буларнинг қарийб 8 минг нафари Самарқанд вилоятига тўғри келади. Жумладан, 2025 йилда вилоятда 7 минг 600 нафардан кўпроқ бемор давлат тиббиёт муассасаларида, қарийб 200 нафари хусусий клиникаларда даволанди ва бунинг учун Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси 127 миллиард сўмни тиббиёт муассасаларига йўналтирди. Жорий йилнинг 1 март ҳолатига кўра, 875 нафар бемор имтиёзли йўлланма асосида даволанди ва бунинг учун сарфланган 11 миллиард сўм қоплаб берилди.

Амалга оширилаётган бу каби ишлар билан ОАВ вакилларини яқиндан таништириш мақсадида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси матбуот хизмати томонидан Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда вилоят кардиология марказида пресс-тур ташкил этилди.
– Мен Жиззах вилояти Арнасой туманидан йўлланма асосида Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига келдим, – дейди 26 ёшли Худойназар Олишов. – Бир неча йилдан буён буйрак етишмовчилигидан қийналаман. Аммо, операция учун етарлича маблағимиз йўқлиги сабабли, диализ олиб келаётгандим. Яқинда оилавий шифокоримиз давлат тиббий суғуртаси ҳақида, ногиронлигим борлиги учун бепул операция қилинишим ҳақида тушунтириб берди. Опам битта буйрагини берди. Операция бўлганимга бир ҳафта бўлди, аҳволим жуда яхши. Энг хурсанд бўлганимиз буйрак кўчириб ўтказиш операцияси ва даволаниш учун сарфланган харажатларни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси тўлаб беради. Бизга яратилган бундай қулайликлар учун Президентимиздан миннатдормиз.
– Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтган йил давлат тиббий суғуртаси тизими доирасида 50 га яқин буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди, – дейди бўлим бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Шерали Норқўзиев. – Жорий йилда эса бундай операциялар сони 60 дан ортиқ бўлиши режалаштирилган. Беморларга енгиллик яратиш мақсадида қиммат турадиган иммунологик ҳамда генетик текширувларга кетадиган харажатлар ҳам Давлат тиббий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилмоқда. Хориж давлатларда бундай операциялар учун ўртача 25-30 минг доллар талаб этилади.
Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар Самарқанд вилоят Кардиология марказида ҳам бўлиб, беморлар ва шифокорларнинг фикр-мулоҳазаларини ўргандик. Ушбу тиббиёт масканида ўтган йил 1600 та юқори технологик жарроҳлик амалиётлари амалга оширилди.

– Оилавий шифокорнинг йўлланмаси асосида Самарқанд вилоят Кардиология марказига келдим, – дейди Навоийлик Салима Каримова. – Ёшим 64 да. Бир неча йил аввал шифокорлар юрагимни операция қилдириш зарурлигини айтишган бўлсада, маблағ етишмаслиги сабаб, даволаниб юрган эдим. Имтиёзли йўлланма асосида бепул операция қилиб, юрагимга стент қўйишди. Ҳозир аҳволим яхши. Мазкур тизим биз каби “қўли калта”ларни соғлигини сақлашда жуда керак экан. Миннатдорман.
Алоҳида қайд этиш жоизки, давлат тиббий суғуртаси тизимида “Кафолатлаган пакет” доирасида ҳар бир фуқаро қуйидаги хизматлардан бепул фойдаланиши мумкин – оилавий шифокор ва ҳамшира хизмати, тез тиббий ёрдам, профилактик кўрик ва скрининглар, тор соҳа мутахассислари маслаҳати, қон таҳлиллари ва зарур дори воситалари. Бу хизматлар ҳамма учун тенг даражада тақдим этилади.
Тизимнинг асосий мақсади – касалликларни эрта аниқлаш, умр давомилигини узайтириш, тиббий хизматлар сифатини оширишга қаратилгани билан жуда муҳим ҳисобланади. Асосий эътибор соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларни олдини олиш ва профилактикасига қаратилган.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг