Ҳавода “муаллақ” турган цех
Иллюстратив фото
“Халқ сўзи ONLINE”. Истам Иброҳимов/Бухоро. Ғиждувон туманидаги Лабирўт қишлоғида яшовчи Феруз Калонов якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг шлакоблок ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган цехи эса негадир ҳавода “муаллақ” турибди.
Бошқа тадбиркорлар қатори ишлаши учун бир парча ер ажратилмагач, шундай дейсан-да киши.
— Цехимиз кунига 1000 — 1200 дона шлакоблок ишлаб чиқариш қувватига эга, — дейди цех директори Ф. Калонов. — Маълум бинога эга бўлмаганлигимиз учун турли жойларда амал-тақал қилиб ишлаб келяпмиз. Шароитим яхши бўлса, 8-10 та иш ўрни яратиш имконига эгаман.
Қишлоғимиз ҳудудидан ташландиқ бир ерни ажратиб беришларини сўраб туман ҳокимлигига мурожаат қилдим. Аммо жавоб хатини ўқиб бошим қотди.
Туман ҳокимлигининг шу йил 15 январдаги 16-сонли жавоб хатини ўқиган киши мутасаддиларнинг сувдан қандай қуруқ чиқишганига ҳайрон қолиши табиий. Гап шундаки, тадбиркор сўраган ташландиқ ер фермер хўжалигига тегишли. Агар бу ер Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ҳамда Ер кодекси талаблари асосида туман ҳокимлиги захирасига олинса, сўнгра ягона электрон савдо майдончасининг электрон аукционига чиқарилса, уни аукцион орқали харид қилиш мумкин экан.
Буларни кўриб бевосита савол туғилади: мабодо, бу ер туман ҳокимлиги захирасига олинмаса-чи? Олинган тақдирда ҳам, тадбиркор аукционда қатнашиш имконига эга бўлмаса-чи? Унда 200 чоғли хонадони бўлган бутун бошлиқ қишлоқ бир ёш тадбиркордан ажралиб қолмайдими? Ахир ишбилармон дегани ҳар куни туғилавермайди-ку.
Мутасаддилар ёш тадбиркорга бошни қотирадиган жавоб хати ўрнига амалий ёрдам кўрсатишгани маъқул бўларди, назаримизда.
Агар тумандаги ҳар бир қишлоқдан Ферузга ўхшаган бир нафардан ёш тадбиркор етишиб чиққанида ва улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланганида эди, Ғиждувондаги ўнлаб, юзлаб ёшлар иш излаб хорижий давлатларда сарсону саргардон юришмас, кўплаб ижтимоий масалаларнинг ечими топилган бўларди.
Маълумот тариқасида айтиш мумкинки, биргина Лабирўтнинг элликдан зиёд фуқаролари оиласидан олисда, ўзга юртларда, совуқ ўлкаларда меҳнат қилмоқдалар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг