Ҳарбийларга янги уй-жойлар берилди

15:14 17 Июнь 2019 Жамият
2365 0

Термиз шаҳрида давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамда давлат чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари учун қуриб битказилган янги уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Шаҳар марказида барпо этилган беш қаватли, уч ва тўрт хонадондан иборат учта кўп қаватли уйга 90 нафар ҳарбий хизматчилар кўчиб ўтишди. Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, ҳарбий хизматчилар учун барча қулайликларга эга янги уй-жойларнинг барпо этилиши президентимиз раҳнамолигида ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоялаш, уларни уй-жой билан таъминлаш ва маиший шароитларини яхшилаш доир доимий эътибор натижасидир. Чегараларимиз дахлсизлиги, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида садоқат билан хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар тадбирда сўз олиб, ўзларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлардан мамнун эканликларини билдиришди.

- Замонавий лойиҳа асосида қурилган уйларда барча шароитлар яратилганидан мамнунмиз, -дейди ҳарбий хизматчи Мирзоҳид Умаров. – Янги тураржойлар бизга узоқ муддатга, йиллик 7 фоизли ипотека кредити асосида берилгани, уй қийматининг 25 фоиз бошланғич бадал тўлови давлатимиз томонидан тўлаб берилганидан жуда ҳам мамнунмиз. Мазкур ҳудудда мактаб, мактабгача таълим муассасаси, болалар майдончалари, зарур инфратузилма шароитларининг мавжудлиги айниқса фарзандларимизга қулайлик яратиб, оилаларимиз фаровонлигига хизмат қилади.

Тадбирда вилоят ҳокими Тўра Боболов иштирок этди.

Илҳом РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер