Ҳарбий хизматчиларга янги уй калитлари топширилди
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Лутфия Раҳимова асли Олот туманидан. Спорт мураббийси. Турмуш ўртоғи Достон Ибодуллаев билан уч фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказаяпти.
— Болаларимнинг отаси ҳарбий хизматчи, майор, — дейди у. — Хизмат бурчини Фарғона водийсида ўтади. Айни дамда Сурхондарёда Ватанимиз сарҳадларини ҳимоя қилмоқда. Ўн йилдирки, у билан ҳамнафас яшаб, ҳарбийлар ҳаёти жуда шарафли, шу билан бирга, машаққатли эканини чуқур ҳис этдим. Етти йил ижара уйларда яшадик. Бугун қувончимиз чексиз. Уйли бўлдик. Энди болаларимизнинг эртасидан кўнглимиз тўқ. Уларни эл-юртга садоқатли фарзанд қилиб тарбиялаймиз, албатта. Давлатимиз раҳбарига, Мудофаа вазирлигига миннатдорлик билдираман.
Лутфия Раҳимова Бухоро шаҳрининг 7 – мавзесида қад ростлаган кўп қаватли уй олдида туриб, бизга шу сўзларни айтди. Бу орада ҳарбий оркестр ижросида мусиқа садолари янграб, янги уй калитларини Ватан ҳимоячиларига топширишга бағишланган маросим бошланди. Унда сўз олганлар ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларига зарур шарт – шароитлар яратиш давлатимизнинг доимий эътиборида эканлигини таъкидлади. 20 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган мазкур турар – жой бу фикр исботидир. Уйлар ўз бурчини намунали ўтаётган ҳарбий хизматчилар учун ажратилди.
Икки хонали, замонавий қулайликлар яратилган бу уйлар 51 та хонадонга мўлжалланган. Ён-атрофида болалар майдончаси, гулзорлар барпо этилган. Истиқлол байрамини шинам хонадонларда кутиб олаётган ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари қувончига уларнинг сафдошлари, жамоатчилик вакиллари шерик бўлишди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг