Ҳаракат ва харажатни тежаш орқали ҳосилдорликни тенг баробарга ошириш мумкин
Фото: "Халқ сўзи"
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ер юзида 30 йилдан сўнг сувга бўлган талаб кескин ортади. Боиси, сўнгги 50-60 йил давомида мавжуд музликлар ҳажми 50 фоизга қисқарган. Агар ўртача йиллик ҳарорат 2 даражага кўтариладиган бўлса, бугунги музликларнинг ҳам тенг ярмидан айрилиш ҳеч гап эмас. Бу хатар оқибатлари биз яшаб турган минтақага ҳам тааллуқли, албатта. Шунинг учун сувдан унумли фойдаланиш, уни тежаш ва асраш каби амалларга риоя қилиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.
“Ўзагроинспекция”нинг Андижон вилоят бошқармаси томонидан йилнинг ўтган даврида олиб борилган ўрганишлар давомида 2 минг 524 ҳолатда сувдан хўжасизларча фойдаланишга дуч келингани ана шу долзарб вазифага панжа орасидан қарайдиганлар борлигини исботлайди.
Шу билан бирга, маълум қилинишича, Андижон вилоятида экин майдонларини суғоришда тежамкор услублардан фойдаланиш ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Масалан, бир гектар майдонга экилган ғўза парваришида эгатлаб суғориш орқали 791 кг минерал ўғит сарфланса, томчилатиб суғорилганида 539 кг ўғит сарфланишига эришилмоқда. Демак, биргина минерал ўғитнинг ўзидан ҳар гектарига 830 минг сўм маблағ иқтисод қилиш мумкин. Энг муҳими, ҳосил миқдори тенг баробарга ортиб, унинг сифати янада яхшиланишига эришилади. Асосийси, сув 60 фоизгача тежалади.
-Томорқамда 9 сотих майдонда иссиқхона ташкил этиб, бодринг ва помидор етиштираман,-дейди Асака туманидаги Файзобод маҳалласида яшовчи Абдуназар Жалилов. -2010 йилдан буён томчилатиб суғориш услубидан фойдаланиб келаман. Авваллари эгатлаб суғорганда 2 соатда 10 тонна сув сарфланган бўлса, томчилатиб суғоришда бу кўрсаткич 2 тоннани ташкил этмоқда. Демак, 8 тонна сув тежаляпти. Авваллари 1 сотих майдондаги экин учун 150-200 кг минерал ўғит ишлатган бўлсам, эндиликда 50 кг ўғит кифоя қилмоқда. Ҳосилдорликка келсак, 1000 туп кўчатдан 200 кг ҳосил йиққан бўлсам, бугунги кунда 450-500 кг ҳосил теряпман. Хулоса ўрнида айтишим мумкинки, томчилатиб суғориш харажат ва ҳаракатни иқтисод қилишгагина эмас, балки катта даромад олишга ҳам имкон яратяпти.
Шу кунларда вилоятда 15 минг 615 гектар майдонда томчилатиб суғориш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, 5 та фермер хўжалигидаги 100 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологияси қўлланилмоқда. Суғоришнинг жаҳон тажрибасида синовдан ўтган бу усуллари орқали экин турига қараб 20 фоиздан 60 фоизгача бўлган миқдорда сув тежалишига эришилмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг