Ҳар кўнгилда яшаётган адиб

15:50 16 Март 2021 Жамият
442 0

Мана салкам бир йилдирки, Адиблар хиёбонида ҳайкаллари ўрнатилган атоқли ёзувчи ва шоирларнинг ибратли ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганишга қаратилган қутлуғ ишлар давом этмоқда. Хиёбон ёшларимизнинг маънавият масканига айланди. Қадриятларимизни яна бир бор улуғлайдиган хиёбон сифатида эъзозланмоқда.

Адиблар хиёбонида ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшганлар орасида Мақсуд Шайхзода эҳтиромга муносиб топилди. Нафақат адабиёт, балки ўзбек ва озарбайжон миллати қалбларини бир-бирига яқинлаштиришда Мақсуд Шайхзоданинг ҳиссаси улкан. Шу маънода, Президентимиз ташаббуси билан Тошкент давлат транспорт университетига Мақсуд Шайхзоданинг ҳаёт ва ижод йўлини чуқур ўрганиб, кенг татбиқ этиш вазифаси топширилди.

Юртимизда ёш авлоднинг маданий-маърифий савиясини юксалтириш мақсадида атоқли ёзувчи ва шоирларнинг тарихий хотирасини абадийлаштириш мақсад қилиб олинганлиги ҳам бежиз эмас. Давлатимиз раҳбарининг «адабиёт — халқнинг юраги ва маънавияти» деган таъкидида халқимиз маънавий камолотининг асосини таъминловчи ёзувчи ва шоирларимиз муҳим ўрин тутади.

Ўз элига ҳам, ўзга элларга ҳам бирдай азиз Мақсуд Шайхзоданинг қутлуғ номи ёдга олинганида, тасаввуримизда улуғларга хос олижаноб, аммо болаларча содда ва самимий, ҳар қандай шароитда ҳам ижодий меҳнат измида бўлган муҳтарам инсоннинг сиймоси гавдаланади. Ҳам бадиий, ҳам илмий ижод оламида ўзбек халқига садоқат билан хизмат қилиб, маърифатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган бу зот ҳақда тадқиқотчилар кўп ёзган. Бу масалада улардан орттириб бир нарса дейиш мушкул. Аммо китобхонлик кўникмасини ёшлар қалбига сингдиришнинг янги маърифий йўли сифатида бўй кўрсатаётган айни кунларда бугунги авлодга қанчалик кўп гапирсак, ҳар қанча арзийди.

Адиб ўзининг сербарака ижодий умрида 20 дан ортиқ мажмуаларга жамланган шеърлар, баллада ва достонлар, «Жалолиддин Мангуберди» ва «Мирзо Улуғбек» каби драмалар, 300 дан ортиқ илмий монография,тадқиқий рисола ва публицистик асарлари билан юксак дидли, талабчан ўзбек китобхонларига маъқул бўлди.

Инсониятни ларзага солган Иккинчи жаҳон урушининг ҳал қилувчи, ўта муҳим пайтда ёзувчимиз Мақсуд Шайхзоданинг «Жалолиддин Мангуберди» тарихий драмаси дунёга келган. Ўтмишда Чингизхондай қудратли кучга қарши тура олган, мардонавор курашган Ватан тиргаги — Жалолиддин Мангубердининг қаҳрамонликларини жонлантира олган драма иккинчи жаҳон уруши йилларининг жанговар вазифаларига катта хизмат кўрсатди. Мазкур асар театрда саҳналаштирилди. Манбаларда кўрсатилишича, Мангубердининг кишида ҳаяжонли фахр туйғусини жунбушга келтира оладиган қаҳрамонликлари акс этган мазкур драма урушга кетаётган аскарларга махсус намойиш этилиб, фронтга жўнатилган экан. Бу эса аскарларда жанговар руҳ ва шижоат уйғотиб, душманга нафратни кучайтирган.

Мақсуд Шайхзоданинг «Алпомиш» достони ўзбек қаҳрамонлик эпосининг энг қадимги ва мукаммал намунаси таҳлилига бағишланган мақолалари, тадқиқотлари, асарни нашрга тайёрлашдаги иштироки ва достон юзасидан билдирган мулоҳазалари ҳали ўз қимматини йўқотмаган.

Айрим манбаларида таъкидланишича, Мақсуд Шайхзода Москвадаги марказий кутубхонада турк олими Фуод Кўпрулузода асарининг «Турк классик адабиётида хусусий назм шакллари» бобини кўздан кечираётиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Париж миллий кутубхонасида сақланаётган «Аруз рисоласи» асари тавсифини учратди. Бу рисолани Фуод Кўпрулузода Париж миллий кутубхонасининг Шарқ қўлёзмалари каталоги билан танишаётган вақтида тасодифан аниқлайди. Бу маълумотлардан сўнг Мақсуд Шайхзода ўз мақоласида Ҳожи Муҳаммад Самарқандий томонидан кўчирилган Бобурнинг «Аруз рисоласи» асарининг нусхаси тасодифий бир воқеа билан маълум бўлганини ва тафсилотини кейинчалик хабар қилажагини эълон қилган. Бобурнинг катта аҳамиятга молик бу йирик асари ҳақида мукаммал ва чуқур илмий иш ёзиш орзусида бўлган Мақсуд Шайхзода ўз ниятларини амалга ошира олмай бевақт оламдан кўз юмди.

Улкан маданий меросга эга бўлган Ўзбекистонда ёшларимиз тарихдан, аждодларимиз меросидан, уларнинг руҳи покидан, юртимизда яшаётган халқларнинг қадриятларидан, адабий меросидан, санъатидан баҳраманд бўлиши табиийдир.

Маънавийлик ва маърифийлик халқимизнинг кўп асрлик тарихи давомида доимо унинг энг кучли ўзига хос хусусияти бўлиб келган. Буюк адиб Мақсуд Шайхзода ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш ҳамда тарғиб қилишда Тошкент давлат транспорт университетига ишонч билдирилгани университет жамоасига катта масъулият юклади.

Билдирилган ишончга жавобан университет жамоаси томонидан Шайхзоданинг ҳаёт йўли, ёзма меросини илмий тадқиқ этиш, унинг ижоди ва асарларини ўқув жараёнига татбиқ қилиш, адиб ижоди, эзгу ғояларини оммавий ахборот воситаларида, электрон платформаларда кенг тарғиб қилиш сингари йўналишларни қамраб олган «йўл харитаси» асосида фаолият олиб борилди.

Дастлаб замон талаби ва университет ёшлари таклифи билан адиб ижодига бағишланган махсус веб-сайт ва университет расмий сайтида «Мақсуд Шайхзода маънавий мероси» бўлими ташкил этилди. Тошкент давлат транспорт университети Ахборот-ресурс марказида адибнинг ўқув зали ва экспозицияси муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Мақсуд Шайхзода номидаги ўқув залида ижодкорнинг барча асарлари, ҳаёти ва у босиб ўтган ижодий йўлни акс эттирувчи суратлари, видео ва аудио тасмалар ўрин олган. Университет Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда адибнинг адабий ва илмий меросини ўрганишга бағишланган конференциялар, турли танлов ва давра суҳбатлари мунтазам ўтказилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, ижодкорлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун Мақсуд Шайхзода номидаги махсус стипендия, кўкрак нишони соҳибларини саралаш ишлари давом этмоқда

Ҳар сафар университет ёшлари билан адиблар хиёбонига ташриф буюрганимда ўз халқига, унинг анъаналарига, тили ва маданиятига муҳаббат ва ҳурматни тарбияламасдан туриб, ўз халқини миллатларнинг бутун жаҳон ҳамжамиятида тенглардан бири сифатида идрок қилувчи ҳақиқий инсонни, ўз Ватанининг жонкуярини тарбиялаш мумкин эмаслигини англайман. Адиблар хиёбони халқимизга малҳам ва ёшларимизга руҳий мадад берадиган севимли ва мароқли бир оромгоҳга, ижод аҳли учун илҳом маскани сифатида ўзига хос рамзийлик касб этмоқда.

Дилшод Раҳматов,
Тошкент давлат транспорт университети матбуот котиби.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер