ҲАМАС Ғазо сектори аҳолисини уйда қолишга чақирмоқда
Фото: Reuters
Исроил Ғазо сектори аҳолисини жанубга кўчишга даъват этганидан сўнг ҲАМАС (Ғазо секторида ҳукмронлик қилувчи Фаластин исломий ҳаракати ва сиёсий партияси) Ғазо сектори шимолидаги аҳолини уйда қолишга чақирди.
“Биз ўз еримизда мустаҳкам турибмиз ва уйимизда қоламиз, ҳеч қандай кўчириш ёки депортация бўлмайди. Фаластин халқи босиб олинган ҳудудлар раҳбарларининг таҳдидларини ва ғазоликларни ўз уйларини тарк этиб, жанубга ёки Мисрга кетишга чақиришларини рад этади”, — дейилади ҲАМАС баёнотида.
Шу ўринда ҲАМАС аҳолини уйларини тарк этмаслик қарорида собит туришга ва Исроил расмийлари олиб бораётган бу психологик урушга қарши қатъийлик кўрсатишга чақирди.
Аввалроқ, Ғазо секторида гуманитар фалокат эълон қилинганди. Бу ердаги шифохоналарда ёқилғи етарли эмас, қўрқиб кетган аҳоли ҳаво ҳужумларидан бошпана излаб БМТ назоратидаги мактабларга ошиқаётгани айтилганди.
Шу йилнинг 7 октябрь куни эрталаб ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақса тўфони” деб номланган ҳарбий операция бошланганини эълон қилди.
“Бу Ер юзидаги сўнгги ишғолга барҳам бериш учун энг катта жанг бўладиган кун”, деди ҲАМАСнинг ҳарбий раҳбари Муҳаммад Деиф.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакат уруш ҳолатида эканини маълум қилди.
“Биз ҳарбий операция ўтказмаяпмиз, уруш ҳолатидамиз. ҲАМАС Исроил давлати ва фуқароларига қарши кутилмаганда ажалвор ҳужум бошлади. Исроил сарҳадларини террорчилардан тозалашга, захирадагиларни сафарбар қилишга буйруқ бердим. Душман ҳамма қилгани учун насибасини олади”, деди Нетаняҳу.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг