“Ҳалол туризм” рейтингида Ўзбекистон нечанчи ўринда?

11:43 10 Май 2018 Иқтисодиёт
3880 0

Кейинги пайтда сайёҳлик соҳасида ҳам “ҳалол” атамаси кенг қўлланила бошланди. Хўш, “ҳалол туризм” ўзи нима?  У сайёҳликнинг қандай тури ҳисобланади? 
Мутахассисларнинг тушунтиришича, “ҳалол” ёрлиқли озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар кўрсатиш инфратузилмасининг мавжудлиги, оилавий ҳордиқ чиқариш, таомланиш учун озода шохобчалар эга бўлиши “ҳалол туризм”нинг бош шартидир. Сайёҳлик хизматининг ушбу туридан, асосан, ислом динига эътиқод қилувчилар фойдаланишади.   
Бугунги кунда дунё бўйича мусулмонлар умумий сони 1,6 миллиард нафар бўлиб, шундан қарийб 150 миллиони ҳар йили саёҳатга чиқади. Ўзбекистон ушбу сайёҳларнинг йирик марказига айланиши мумкин. Негаки, юртимизда зиёрат туризми салоҳияти ниҳоятда катта. Шу боис мазкур соҳани, хусусан, унинг “ҳалол туризм” тармоғини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаяпти. 

Тошкент шаҳрида Туркиянинг “Ortadogu Grup” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда “ҳалол туризм”  йўналишида тажриба алмашиш, ҳамкорлик қилиш ва истиқболли масалалар муҳокама қилинди. 
Ташкилотчиларнинг айтишича, тадбир бежиз туркиялик ҳамкорлар кўмагида ўтказилгани йўқ. Сабаби, мазкур давлат ушбу жабҳада етакчилардан бири ҳисобланади. 

Гап шундаки, 2017 йилда “Crescent Rating” ташкилоти томонидан “Ҳалол туризм” бўйича тузилган рейтингда Малайзия, Индонезия, Марокаш ва Туркия мамлакатлари биринчи ўнталикка киритилган. Ўзбекистон эса ушбу рўйхатда 28-поғонани эгаллаган. 

Айтиш жоизки, “Ortadogu Grup” компанияси  “ҳалол туризм” стандартларига тўла жавоб берадиган “Wome Deluxe” оилавий меҳмонхонаси ва “Nisantasi” шифохонаси хизматлари билан тилга тушган. 

— Анталия шаҳрида 2015 йилда бунёд этилган “Wome Deluxe” мамлакатимизда “ҳалол туризм” стандартларига жавоб берувчи биринчи меҳмонхона сифатида эътироф этилади, — дейди “Ortadogu Grup” компанияси вакили Масуд Мендерес Карабоға. — Биргина 2017 йилнинг ўзида танаффуссиз фаолият юритиб, 255 минг кишига хизмат кўрсатилгани унинг нуфузини кўрсатиб турибди. Меҳмонхонамизнинг афзаллиги шундаки, унда эркаклар ва аёллар учун алоҳида ҳовузлар, оилавий ҳордиқ чиқариш объектлар, болалар учун эса ўйингоҳлар мавжуд. Бу амалиётни Ўзбекистонда қўллаш мамлакат туризми учун катта фойда келтиради. 
Ўзбекистонга бўлаётган қизиқиш, сайёҳлар оқимининг асосий қисми мусулмон мамлакатларидан эканлигини ҳисобга олсак, “ҳалол туризм”ни ривожлантириш туризм салоҳияти юксалишда ғоятда муҳим аҳамиятга эгадир. 
Саид РАҲМОНОВ.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер