Ҳалима руҳонияти

09:01 22 Февраль 2019 Жамият
12461 0

Шеър сўзи мисоли каромат янглиғ. Унда хаёлдаги ҳаёт ўнгга, ўнгдаги ҳаёт хаёлга айланиб боради. Ва бу ҳеч тўхтамайди.

Ҳалима Худойбердиеванинг барча ёзганлари кароматларга тўла; балки ҳар бир асари каромат.

У қандай ёзган бўлса, шундай яшади. Умрни шеър баландлигига, шеърни умр баландлигига кўтарди. Шеъру умр аро мутаносиблик, яъни уйғунлик яратди. Ва яна шунчаки яшамади, шунчаки ёзмади: буни унинг ўзи айтган: худди қилич сермагандай бўлиб айтган: мухлислари ёдлаб юришади.

Ҳалима шеърият — бадииятга ўз жумласи билан кириб келди. Зотан, адабиётга — бадииётга фақат хос жумла билан кирадилар: бир жумла ўқиганда дарҳол бу Қодирий, бу Усмон Носир дейдилар. Ҳалима ҳам илк шеърлариданоқ шундай шоир бўлди: жумласига қараб олтмиш йилдан бери “Бу Ҳалима!” — дейдилар. Бинобарин, бирон шеърида бировга ўхшамади. Эргашганлиги рост, аммо ўхшаши йўқ. Жумлаларида қиличнинг шувиллаши, дарёнинг, айнан эса она Сирдарёнинг шовуллаши эшитилиб туради. Илк шеърларида, олтмишинчи йиллар аввалларида ўзи ёзгандай, аждодларнинг “қийналиб-қийналиб” ёзган сўзларини тўймай ўқиди, уларга ғарқ бўлди, тароватларига тўймадим, деди. Боболар нигоҳини сатрлари аро олиб ўтди. Шу тароват унинг ижодий қарашларига ўнг тушди. Тўғрироғи, унга тароватни қодир табиатнинг ўзи ато этди: ҳар сўзида тароват, ҳар тароватида хиром бор ва таровату хиром ёзганларида ҳарир тоб тортиб зуҳурланади. Табиатда хиромни шамол, сув, ҳаво, Қуёш оролайди, какликлар, оққушлар, турналар, кабутарларда саввара юзага чиқаради. Ҳалима табиатнинг бу хиромларига маҳлиё бўларди. Ҳавас қилгани шеърига ва унинг оҳангларига кўчди.

Камолга етган чоғларида яратган китобини “Буюк қушлар” деб атади. (Бунинг жуда олис тубида “боёқишлар” деган ажиб яширин маъно кўз илғамас ўқилади. Зеро, барча улуғлару даҳолар охир-оқибат қараганда чин “боёқишлар”дир, зеро, охир-оқибат Ажал жараёнлари ҳузурида тамомила ожиздирлар, тобедирлар, туп-тус бандадирлар). Ҳаётнинг азал фожиаси шунда, Ҳалима калимаси билан айтсак, таровати шунда. “...У боғни кезармен Шодумон куюниб, Меҳмондек кезмасмен, Шохларни қайириб қоқармен, Сочилган олмалар меники...” Унинг “Илк севги” (1968), “Буюк қушлар”гача (2012) ярим асрдан ортиқ орада туғёнлар, пўртаналар ичида шеърларини қутлаб, Зулфия хоним: “Ҳис-туйғу Ҳалимада шу қадар яхлит, шу қадар ҳақиқий каттаки, кўзларида офтоб ёниб, саратон кезади қонида”, деб таърифлаган эдилар. Нақадар ҳақ эканлар устоз! Ярим асрдан ортиқ даврда ҳайрат қалами билан ёзилган асарлар “Илк севги”, “Оқ олмалар”, “Чаман”, “Суянч тоғларим”, “Бобо Қуёш”, “Иссиқ қор”, “Садоқат”, “Муқаддас аёл”, “Бу кунларга етганлар бор”, “Бахшиёналар”, “Ўш — Ўзган фарёди”, “Ҳурлик ўти”, “Тўмариснинг айтгани”, “Сайланма”, “Йўлдаман” каби жамулжам китоблари ва гўзал туркумларида ўша улуғ шоиримиз таърифидаги Яхлитлик, Катталик, Офтоб ва Саратон тўла бадиий тарзда акс этди.

Ҳалима ижодида бўлинмайдиган бутунлик (ятажаззо) барпо бўлди.

2017 йил май ойида Ўзбекистон халқ шоири, жамоат арбоби Ҳалима Худойбердиева бутун мухлислар мамлакати билан бирга 70 ёшини нишонлади. Давлат раҳбари уни “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирлади. Ҳалима янги “Дугоналар” деб аталган мажаллани ғайрат билан барпо қилишга киришди. Аммо сал ўтмай пойлоқчи Ажал ўз ишини адо қилди. Ҳалима Худойбердиевани мангулик ўз бағрига олиб кетди. Бу 2018 йил 17 августда содир бўлди. Бир рубоийсида ёзганди:

Нолам узун. Нола мени

севса керак

Умрим бўйи у кўксимни

ўйса керак

Менга тарих керак эмас,

Тарихчилар

“Бир нолали най” деб

ёзиб қўйса керак...

Билмадим, бу чексиз маҳзун сўзлардан тарих чиқадими. Элу юрт ярим асрдан ортиқ жон қулоғи билан тинглаган ва мутаассир бўлган овоз тинди. Аммо тароватли, хумор овоз ҳамон янграйди, ҳеч қачон тинмайди. Чунки Офтоб ва Саратон мангу бошимиздадир.

* * *

Фано йўли чексиз, охири йўқ, Ҳалимахон!

Мана, яна Боёвут, азим Сирдарёнинг кунгай бетларида, полвонкелбат адирларнинг ёқаларида бинафшалар очилди. Нақадар табассумлари майин. Сизча... сизча тароватлари илк баҳордан — туркийлар нақадар севган баҳордан дарак бериб қулф уради. Ҳаёт бизни ҳеч кутмайди, дегансиз. Биз учун бир дам тўхтамайди. Сизнинг маконингиз боғ эди, боғот эди. Ўзбекистонни, туркий диёрларни ҳар шеърингизда мисли йўқ боғ ва бу боғларни ақлсизлик билан бой бериб қўймангиз, деб нолаландингиз. Қўрғадингиз. Она каби тўрадингиз. Диёрлар тароват уфурди қаҳрамонлик сўзларингизда!

Бугун осмон билан бўйлашиб “сити”лар қад кўтармоқда Ўзбекистонда. Замон кишиси “сити”лар билан бўйлашмоқда Ўзбекистонда!

Ҳамма ўрганмоқда Ўзбекистонда! Ўрганмасак, қолиб кетамиз, демоқда. Яшамоқнинг янги асослари бино бўлмоқда.

Сиз орзу қилиб куйлаган эллар — туркий диёрларнинг биргалик палласи келди. Раҳбаримиз биргаликда ҳаммамиз бой бўламиз, муҳтожликдан, эгмабўйинликдан қутуламиз, деб ишонтирмоқда, жами қутлуғ ишларга бош-қош бўлмоқда.

Сиз яратган аёл сиймосини Турон момоси демоқдалар. Биби Туронлар дунёга келмоқда.

Дастлаб Сиз, Турон момоси!

Донишманд Момо!

Халқига инжулар қолдирган Сиймо! Ўзбекистон қизи!

* * *

Бу инсон, бу дард, бу шеъриятнинг наволари, сирлари бениҳоят. Дардлашиш, сирлашишга кўнгил излайди.

60-йиллар Боёвутдан Ҳалима чиқиб кескин, дов сўзларни айта бошлади. Унинг ўктам овози тез очилди. Дунё ва ҳаёт унинг кўз ўнгида яхлит гавдаланди. Бу дунё ва ҳаёт инсонга бус-бутун ҳолда қадрлаш, севиш ва асраш, ардоқлашга берилган-ку, инсон шу дунёда ўзини намоён қилади-ку, деган фикр миясига келди ва қаттиқ ўрнашди. Ўзи ва мушфиқ доно онаси тилидан “Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор”, деди. Халқ менталитетига дахлдор бир доно ибора Ҳалима шеърининг сатрларидан оламга парвоз қилди. У яна шу илк китобларида “Тириклик байрам”, деди. Сўзлар олтин ёмбисига айланди. Фикрлаш тарзига кириб борди. Ҳалима шеърларида шундай ўз жойида ва ўз вақтида топиб айтилган фикрлар бадиий руҳият иқлимларини яратди. Адаб дунёсини яратди, чунки жойига қўйиш, жойида айтиш, жойида қилиш том адабдир. Яна бирдан Ҳалима яна ўша ўктам ва дов овози билан чорлади: “Дўстим, сен мени олқишлашинг керак”, деди. Ўшанда бу нидодан, биз, олтмишинчи йилларнинг ёшлари ҳайратга тушгандик. “Аёл бўлганим, ёнингда турганим, Ер юзида борлигим учун — олқишлашинг керак!” Эсимда, бу ўроз нидо, ўроз сўзлар замондошларда теран акс садо берди. Ҳалима ўз бағирдор шеърлари баробарида, ҳаётда бир руҳоний иқлим яратди. Бу унинг ўз руҳият иқлими эди. Биз унинг мавзун сафлана-сафлана, товлана-товлана, дам лайливаш, дам мажнунваш, дам яссавиёна, дам машрабона солланиб ҳаёт, ижод, нафосат минтақаларини адл-дов эгаллаган асарлари тимсолида ҲАЛИМА РУҲИЯТИ деган фасона майдонга чиқди, деб айтоламиз.

Ҳа, шундоқ, Ҳалима руҳияти!

Айнан шундай. Ҳалима кейинги ўн йиллар давомида бу юрагига яқин мавзуларнинг янги-янги қирраларини оча борди, ярақлатиб, хос сайқаллади. У Нодирабегиму Увайсию Тўмарислар қиёфасига кирди. Юрак шоирасиман, деди. У Аёл муқаддас! — деди ва унинг шаъни-шавкати учун гимнлар айтди. Аёлни ожизалик пучмоқларидан чиқарди. Бу Ҳалима шеъриятининг энг улуғ, ўта таъсирчан ғоясига айланди. Бу жуда катта ижтимоий акс садо берди.

Ҳалима руҳияти! Бу аёлнинг матонати, яшаш учун курашдаги жасорати! У фақат ўхшатиш эмас. У яхлит поёнсиз олам! У ҳодиса! Шоира ўзини барча дунё аёлларининг дарду ҳолига меросхўр билди. Олмос эътиқод! Ҳалима руҳонияти шу эътиқод билан балки мўъжизаларини юзага чиқарди. Ҳозир Германия, Буюк Британия каби буюкдан-буюк давлатлар ва халқлар Аёл ақлу идрокига тан бериб, унга таяниб, тараққиёт йўлида жадал бормоқда. Бунга эришмоқ учун Европа неча асрлар мислсиз курашларни бошидан кечирди. Тенг, озод, адл Аёл майдонларга чиқди. Ҳалима — Индира Ганди, Зулфия, Анна Ахматова, Ахмадулиналарга ҳавас қилди. Талон-торож, ғоратгарчиликларга қарши баланд овоз билан норозилик билдирди. Ўзини ҳатто Тўмариснинг сарбози, деб қаради.

У ўзи башорат қилган ҳаётга ва ижод нашъу намосига тўла эришди. Куйди, ёнди. Шон-шарафлар, эъзозлар кўрди. “Курашларга белни маҳкам боғлармиз, Тиклагаймиз халқни Кураш — ором бўлсин, оғажон, Тикламасак, шоир номи ҳаром бўлсин, оғажон”.

Шоирнинг аҳди шундай мумтоз ва қайтмас эди.

Ҳалима руҳияти! У билингки, ҲОЛдан пайдо бўлди ва куч олди. У Турон руҳи билан оҳангдош бўлди ва улвият топди. Унинг нигоҳи қалбида, қалби эса халқида эди.

* * *

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳрида Сирдарё вилояти ва туманлар ҳокимлари, фаоллар, вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда маънавият, маданият, таълим-тарбия масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, хусусан, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ёшларда мутолаага бўлган қизиқишни ошириш бўйича фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, кейинги йилларда анъанага айланган хайрли ишларни давом эттириш ҳақида тўхталар экан, Гулистон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабини ташкил этиш таклифини илгари сурди. Йиғилганлар мазкур ташаббусни қизғин қўллаб-қувватлади. Бу мамлакатимизда маънавиятга бўлган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин намунасидир.

Иброҳим ҒАФУРОВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер