“Ҳадиси шариф билимдони” аниқланди
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб беришга, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликка ундовчи ҳадисларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида “Ҳадиси шариф билимдони” интеллектуал мусобақаси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Исломшунослик факультети талабаларидан иборат 6 та жамоа иштирок этди. Академия ректори, профессор Шуҳрат Ёвқочев талабалар ва мусобақа мухлисларини қутлаб, мусобақа қатнашчиларига омад тилади.
Иштирокчи жамоа аъзолари Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий” асари, Имом Нававийнинг “40 ҳадис” китоблари бўйича саволларга жавоблар, ҳадисларни давом эттириш ва таржимасини айтиб бериш каби шартлар бўйича ўз билимларини намойиш этишди.
Мусобақа якунида “Ҳадис билимдонлари” жамоаси биринчи, “Ёш муҳаддислар” жамоаси иккинчи, “Термизий авлодлари” жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.
Танлов ғолиблари ва иштирокчиларига Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди ва бошқа ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари, китоблар тўплами ҳамда “Ҳадиси шариф билимдони” мусобақасининг рамзий статуэткалари тақдим этилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг