Ҳабиб Сиддиқ таваллудининг 70 йиллиги Қирғизистоннинг Ўш давлат университетида кенг нишонланди

15:09 06 Июнь 2023 Жамият
562 0

Ўш давлат университетида ўз асарлари билан ўзбек ва қирғиз халқлари қалбидан чуқур ўрин олган моҳир адиб Ҳабиб Сиддиқ таваллудининг 70 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тантанали маросимда адибнинг ҳар икки халқ адабиёти ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида фикрлар билдирилди. Ёзувчининг қирғиз тилида нашр қилинган “Нымкесе” (“Нимкоса”) китоби тақдимоти ҳам ўтказилди.

—Бундай ижодий учрашувлар ўзбек ва қирғиз халқларининг азалий дўстлигини мустаҳкамлашга, маданий алоқаларни янада юксалтиришга хизмат қилади,—дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими ходими Сардорбек Қосимов. –Устоз Ҳабиб Сиддиқ асарлари қўшни қирғиз халқи томонидан ҳамиша илиқ кутиб олинган. Боиси, бизнинг турмушимиз, маданиятимиз, дунёқарашимиз жуда ўхшаш. Бинобарин, тили, дили, урф-одатлари бир-бирига яқин бўлган икки қардош халқ адабиёти ҳам ўзаро уйғундир.

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фондининг Андижон вилоят бўлими раҳбари Ҳабиб Сиддиқ 15 дан ортиқ бадиий ва драматик асарлар муаллифидир. Унинг бир қанча асарлари рус, инглиз, турк, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган. Шунингдек, адиб жаҳон адабиётининг ўнлаб дурдона асарларини ўзбек тилига моҳирлик билан ўгирган.

Саминжон ҲУСАНОВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер