Гулистон шаҳрида нуронийлар томонидан бодомзор боғ барпо қилинди
Фото: “Халқ сўзи”
Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати Гулистон шаҳридагина эмас, балки вилоятдаги таълим самарадорлиги энг юқори ўқув масканлардан ҳисобланади. Бунга жорий йилда битирувчиларнинг 93 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилингани ҳам далолат бериб турибди.

Ушбу таълим даргоҳининг яна бир ўзига хос жиҳати борки, бу ҳам бўлса, ҳовлисининг жаннатмонанд боғу гулзорларга бурканганидир. Бу борада мактаб жамоаси ва “Нуроний” жамғармасининг Гулистон шаҳар бўлими ҳамкорлигида яна бир хайрли ишга қўл урилди. Яъни мактаб-интернат рўпарасидаги бўш майдонда “Нуронийлар боғи” яратилди. Нуронийлар янги боғ учун ҳам гўзал манзара, ҳам шиғил мева берадиган бодом кўчатларини танлашди.

— Ушбу бодомзор ҳадемай кўчага ўзгача чирой бахш этибгина қолмай, мактаб-интернат ўқувчиларининг севимли масканига ҳам айланади, – дейди “Нуроний” жамғармасининг Гулистон шаҳар бўлими раиси Бахтиёр Тўраев. — Бу ерда боғбон отахонларимиз улар билан табиат, ўсимликлар дунёси, боғдорчилик сирлари бўйича мулоқотлар ўтказиб туришади.
Маълумот учун айтиш лозимки, Сирдарё вилояти бўйича “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида кузги мавсумда 6 миллион тупдан зиёд кўчат экиш кўзда тутилган.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг