Гўштнинг қимматлашганини табиий ҳолми?

10:00 15 Октябр 2019 Жамият
936 0

Иллюстратив фото

           Гўшт ва гўшт маҳсулотлари кундалик ҳаётимиздаги зарурий эҳтиёжлардан бири ҳисобланади. Гарчи ўзимиз хонадонимизда камроқ истеъмол қилсак-да, меҳмон келганда, бирор бир беморни кўргани борганда иложи борича гўштли таом тайёрлаймиз. Тўй-маъракаларимиздаги таомлар ҳам, албатта, гўштли бўлади. Кўриниб турибдики, гўшт ва гўшт маҳсулотлари зарур озиқ-овқатлар сирасига киради.

            Кейинги ойларда гўштнинг қимматлашгани кўпчилик аҳолини ташвишга солиб, турмуш сифатига таъсир кўрсатмоқда. Шу йилнинг май ойи охирларида бир кило мол гўштининг нархи 38 минг сўм, қўй гўштининг нархи 42 минг сўм бўлган бўлса, бугунги кунда эса мол гўштининг нархи 48 минг сўмга, қўй гўштининг нархи 52 минг сўмга етди. Ўз-ўзидан савол туғилади. Нима сабабдан гўштнинг нархи сезиларли даражада ошиб кетди?

           Учқўрғон туман Истеъмолчилар хуқуқларини химоя қилиш жамияти “Истеъмол маданияти” газетасининг шу йил 25 сентябрь 18-сонида берилган “Гўшт нархи ошмоқда... муаммонинг  илдизи қаерда?” мақоласини жойларда кенг мухокама қилди. Учқўрғон тумани мисолида муаммонинг илдизи қаердалигини мутахассислар томонидан ўрганишга ҳаракат қилинди. Гўштнинг нархини ошишига доир жамоатчиликни фикри  ўрганилди. 

           Учқўрғон шаҳрида яшовчи Жамолдин Асланов бир неча йиллардан буён мол-қўй боқиб келади. Унинг фикрига қараганда ем-хашак нархининг қимматлиги гўшт нархи ошишига таъсир этаётган омиллардан биридир.

             -Авваллари бир бош қорамолни боқиб семиртириш учун уч ой вақт кетган бўлса, эндиликда бу муддат беш-олти ойга чўзилиб кетмоқда. Сабаби емнинг қимматлигидан ҳайвонга нормадаги махсулотни бера олмаяпмиз, -дейди Жамолдин биз билан суҳбатда.

           Унинг айтишича, бугун бозорда бир кило кунжара 2200 сўмдан 2500 сўмгача, кепак эса 1200 сўмдан 1500 сўмгача, қозоқ уни кепаги 1600 сўм, макка дони 2200 сўмдан 2500 сўмгача сотилмоқда. Аввалгидек хашак тўплаш ҳам осон эмас. Бир той сомон 13 минг, похол 20 минг, беда 35 минг сўм. Силоснинг  1 тоннаси 250 минг сўм бўляпти. Ана энди ўзингиз беш-олти ой давомида бир бош қорамолга кетадиган ем-хашакни ҳисобласангиз, бу иш осонмаслигини тушунасиз.

          -Ҳар қандай маҳсулотнинг нархи унинг таннархидан келиб чиқади. Бошқа маҳсулотларнинг ҳам нархи ўсиб боряпти. Маҳсулот бир нечта қўлга ўтиб кетяпти, ёки бошқача айтганда олибсотарнинг қўлида. Жамоатчилик назоратининг кучайтиришимиз керак,- дейди тадбиркор Аброржон Эргашев.

           Меҳнат фахрийси Расулжон Зокиров ўз фикрини қуйидагича изоҳлади.

          -Не-не қийинчиликлар билан боқиб семиртирган ҳайвонни бозорга олиб борсангиз, бу ердаги олибсотар ва даллоллар сизни бемалол сотишингизга йўл қўймайди. Нима қилиб бўлса ҳам сиздан бозор нархидан анчагина арзон олишга ҳаракат қилади. Қассобга сўйиб сотсангиз, калла-поча-терисидан ташқари ҳар бир килосидан 3-4 минг сўмдан фойда олади. Буларни ким инсофга чақиради?

           -Қуръони карим оятларида, ҳадисларда ўзаро муомалада, айниқса, савдо-сотиқда ҳалол бўлиш, ёлғон гапирмаслик, алдамаслик ҳақида кўп бора таъкидланган. Одам ўзи боқиб семиртирган молни арзонга сотмайди.  Ҳалқимизда “Инсоф сари барака” деган ибора бежизга айтилмаган. Ҳар бир нарсада инсоф бўлиш керак. Бирон бир нарсани олиб сотишда унинг нархига йигирма фоизгача қўйилса жоиз. Бировнинг молини ҳар-хил йўллар билан олиш,устига ҳаддан зиёд нарх қўйиш ислом динида қаттиқ қораланади, -дейди “Нурмухаммад бува” жомеъ масжиди имом-хатиби Зуҳриддин Турдиматов.

           Демак, юқоридаги омиллар ҳисобга олинса, гўштнинг қимматлашганини табиий ҳол деб тушуниш ҳам мумкин. Нима бўлганда ҳам биз кимнидир айбламоқчи эмасмиз. Мақсад ҳам, муддао ҳам бир.Харидор ўз фойдасига савдо қилса, сотувчи ўз манфаатини ўйлайди. Бироқ, шундоқ ҳам аҳолининг харид қобилиятига нисбатан баланд бўлган маҳсулотнинг етиштириш ва сотиш билан боғлиқ муаммолари бўйича назорат кучайтирилиши керак. Муаммолар ҳал этилмаса гўштнинг нархи янада кўтарилиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер