Гўшт арзон бўлиши учун, кўп гўшт етиштириш керак — иқтисодчидан яхши таклифлар

18:14 23 Сентябр 2021 Иқтисодиёт
2367 0

Архив сурат

Мамлакатимизда халқимизнинг фаровон яшаши учун кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу мақсадда бир қанча ҳужжатлар қабул қилиняпти. Шу жумладан, чорвадорлар учун ҳам қулай имтиёзлар белгиланиб, субсидиялар ажратилмоқда, солиқ юклари енгиллаштириляпти. Уларни санаб, такрорлаб ӯтиришнинг ҳожати йўқ, албатта...

Кейинги пайтларда халқ ғамида юрган раҳбару мутахассислар қандай қилиб гўштнинг баҳосини бирхил сақлаш устида бош қотириб, турли чоралар кўришаётир. Зеро, ҳамманинг фикри аниқ: гўшт арзон бўлиши керак.

Арзон бўлиши учун эса ушбу маҳсулот кўп етиштирилиши керак. Бунинг учун эса чорва молларини боқишни кўпайтириш зарур. Булар — исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Келинг, қуйида шу хусусда фикр юритсак.

Биламиз, ҳар бир туманда мол бозори мавжуд. Эрта тонгдан кузатсангиз, у ерга 500 дан зиёд, баъзи туманларда эса мингга яқин мол сотиш учун олиб келинади ва уларнинг аксарияти аҳолиники. Кейин гўшт расталарига ўтамиз. Бир ё икки жойда фермер яхши етилмаган молини гўштини арзон баҳода сотади, 8-10 жойда хусусий қассоблар сифатли гўшт сотаётганини кўрамиз. Бундан, ҳозирча, аҳолимиз ўзини ўзи гўшт билан таъминлаб келяпти, яъни 80 фоиз эҳтиёжни қондириб келяпти, деб хулоса қилиш мумкин.

Шунингдек, ҳар бир туманда чорвадор фермерлар ҳам бор. Уларга ҳар бош мол учун 0,30 гектар ер ажратиб берилган. Фермер шу ерга озуқа экини экиб молини боқиши керак. Биламиз, қуруқ хашак билан молни боқиб ҳам, семиртириб бўлмайди. Фермер биржадан ем сотиб олиши керак. Емнинг баҳоси эса камида 3-3,5 минг сўм. Аксарият фермерларнинг бунга қурби етмайди. Чунки мол 1,5-2 йилда реализация қилиниши керак. 3-4 йил боқилган мол эса фойдадан кўра зарар келтиради.

Ишга тўлиқ туширилмаётган имкониятларимиздан яна бири пахта ва ғалла йўналишидаги фермерлар билан боғлиқ. Гап шундаки, уларга 100 гектарлаб ер бириктирилган. Шу билан бирга Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида ўзига қарашли ернинг 10 фоиз майдонига озуқа ва озиқ-овқат экинлари экишларига рухсат берилган. Бундан ташқари, 2022 йилгача ҳамма фермерлар кўп тармоқли фермерга айланиши керак. 100 гектар ерда фаолият юритаётган фермернинг, албатта, 20-30 бош қорамол боқишга имконияти бўлади. 

Лекин ҳамма жойда ҳам шу 10 фоиз майдон фермер ихтиёрига бериляптимикан?! Ҳисоблаб кўрайликчи республикамиздаги фермернинг ҳаммаси йилига 4 бош мол сотса қанча гўшт эл дастурхонига етиб боради? Бунинг учун эса уларга имконият, шарт-шароит яратиб бериш лозим. Улар етиштирган пахта чигитидан олинадиган шелуха ва шротнинг ҳеч бўлмаса 50 фоизини кластерлар биржага қўймасдан таннарх баҳосида фермерга қайтариб беришлари керак. Шундай имконият яратилса, уч миллион тонна пахта етиштириб бераётган фермерларимиз тонна-тонна гўшт етиштириб беришни ҳам уддасидан чиқадилар.

25 бош молни комплекс қурмасдан, оддий молхона ёки қўраларда парваришласа бўлади. Буни амалга ошириш учун, айтайлик, ҳар бир фермер 3 гектар беда, 3 гектар маккажўхори экиши шартлиги ҳуқуқий асосланса мақсадга мувофиқдир. Акс ҳолда бу тадбир амалда тўсиқларга учраши мумкин.

Мисол учун, биргина Хонқа туманида 180 та пахта ва ғаллачилик, 127 та чорвачилик йўналишида фермерлар фаолият юритиб келяпти. Чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларида 9500 бош, пахтачилик ва ғаллачилик фермер хўжаликларининг фақат 60 тасида 800 бош қорамол асралмоқда. Агар, 180 фермерга 25 бош қорамол учун имконият яратиб берилса, улар 4500 бош мол боқиши мумкин. Уларнинг ҳар бири 1 тонна гўштни 60000 сўмдан сотса, бир миллиард 620 миллион сўм қўшимча қиймат ҳосил бўлади. Буни, энди, республика миқёсида ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг.

Яна бир фикр. Деҳқон хўжаликлари ташкил қилишни тезлаштириб захирадаги кам ҳосилли, ўзлаштирса бўладиган ерларда 1-3 гектарлик деҳқон хўжаликлари ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. Бунда, аввало, одамлар иш билан таъминланади, камбағаллик қисқаради. Иккинчидан кам ҳосилли ерлар эгали бўлиб 2-3 йилда ҳосилдор ерга айланади. Деҳқон хўжалиги турли экинлар, хусусан, озуқа етиштириб, имкон қадар чорва моллари парваришлайди. Муҳими, улар эркин фаолият юритишлари лозим. Уни экасан-буни экасан деган топшириқлардан ҳоли бўлишлари, фақат йилига бир марта етиштирган маҳсулоти ҳисоботини топширишлари ва ер учун тўланадиган солиқни тўлашлари билан кифояланиш керак.

Шу ўринда савол туғилади: кўпчилик туманларда ерлар охирги гектаргача фермерларга берилган, қандай қилиб деҳқон хўжалиги ташкил қилиш мумкин? Кўпчилик фермерларда 5-15 гектарлаб «ёмон» ерлар ҳам бор. Улар шу «ёмон» ерларини жон-жон деб захирага қайтарадилар.

Кези келганда, аҳоли чорва молларини нима билан боқаётганига назар ташласак, бу вилоят ва туманларда шароитга қараб ҳар хил. Ўзбекистоннинг аксарият туманларида яйлов йўқ. Одамлар томорқасида ёки чорбоғ ичида қурилган молхоналарда боғлаб 3-4 бош мол боқади. Масалан, Хоразм вилоятида асосий ем хашак буғдой ва шоли сомони, шоли ундаси(шолини хоросдан ўтказганда чиқадиган чиқит) ва томорқаси борлар жўхори пояси бериб боқишади. Беда, маккажўхори экиш учун уларда ер йўқ. Шелуха, шрот, кепак арзон эмас. Чунки олиб сотар «тадбиркорлар» мол емини биржадан сотиб олиб, қиммат сотиб келмоқдалар. Қачонки, аҳолига арзон ем сотиб олишига шароит яратилса, бу ҳам гўшт муаммосида ижобий қадам бўлар эди. Маҳалла, қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳар бир хонадонда неча бош қорамол боқилаётганини ҳисобга олсалар ва уларга ем етказиб бериш вазифасини кўтариб чиқсалару бу муаммоли масалани ечими ҳал қилинса ҳам мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Кластерлар томонидан чорва комплекслари қурилади, улар четдан зотдор мол олиб келадилар, уларни боқиб семиртириб халқни гўшт сут маҳсулотлари билан таъминлашларини кутиб ўтирмасдан юқорида айтиб ўтилган ишларни тезроқ амалга ошириб турмушга татбиқ қилинса «гўшт қиммат» деган муаммо ҳал бўлади, деб ҳисоблайман. Яқинроқ йўлдан югурсак маррага тезроқ етамиз. Булар бизнинг захирамизда сақланиб турган имкониятларимиз. Шуларни ишга туширсак яқинроқ йўлни танлаган бўламиз ва элимиз дастурхонини янада баракали бўлишига тезроқ эришамиз.

Кўпал МАВЛОНОВ, нафақадаги иқтисодчи.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер