Ғиждувоннинг ширмой нонлари

15:27 14 Март 2023 Жамият
1365 0

Фото: Халқ сўзи

Юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, «Ғиждувон кабоби» деган ёзувга кўзингиз тушади. У аллақачон брендга айланиб улгурди. Ғиждувоннинг балиғию тандир сомсаси, парвардаси, шўрданаги ҳам ўзгача қадрланади. Маҳаллаларни яёв кезсангиз, кулолчилик, зардўзлик, каштадўзлик, патдўзлик, бўйрабофлик, пичоқсозлик билан машғул ҳунармандларга дуч келасиз. Новвойларни айтмайсизми?

— Ғиждувон бозоридаги тўкинчиликни кўриб, баҳри дилингиз очилади, — дейди «Қўрғон» маҳалласида яшовчи 70 ёшли Муҳаммад ота Фозилов. — Сизга айтсам, қуш сутидан бошқа ҳамма нарса бор. Раҳматли отамнинг «Қаҳатчиликдан асрасин», деган гапларини тез-тез эслайман. Шукрки, ёшларимиз қаҳатчилик балосини кўрмай яшаяпти. Сизга ёлғон, менга чин, айрим болалар «Бобожон, қаҳатчилик бу нима дегани?» деб сўрашади. Мен шунда уларга уруш ва ундан кейинги оғир йилларда одамлар бир бурда нонга зор яшаганини, ҳатто кунжара ейишга мажбур бўлганини айтиб бераман.

Муҳаммад ота бежизга нондан сўз очмади. У эсини танибдики, новвойлик қилади. Тандирда мазаси бетакрор ширмой нонлар ёпади. Бу ҳунар унга отамерос. Кечагидек эсида, отаси «Ўғлим, новвойликнинг баракаси бор. Тонг саҳарда уруғни экасану кечга бориб ҳосилни йиғиштириб оласан», дерди.

— Дарҳақиқат, чўғдай қип- қизил ширмой нонларимиз бозорда қўлма- қўл бўлиб кетади ва ҳаял ўтмай рўзғоримизга қут-барака олиб келади, — дейди отахон. — Мана бу чиройли уй – жой, автомашина, тўкин дастурхон шу ҳунар шарофатидан. Шу ҳунар ортидан тўй-маъракалар қилдик. Юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Минг карра шукр.

Айни пайтда ўғлим Хуршид ва невараларим новвойлик қилишяпти. Улардан маслаҳатимни, кўмагимни аямайман. Сулоламизнинг муносиб давомчилари борлигини кўриб кўксим тоғдек бўлади. Ширмой нонларимизни Россия, АҚШ ва ҳатто Канадага табаррук деб олиб кетишганига гувоҳман.

Сирасини айтганда, Ғиждувон новвойлари тандирда ўндан зиёд турдаги нону патирларни ёпишади. Улар орасида ширмой нон алоҳида ажралиб туради.

— Биз обдан эзилган нўхот билан арпабодиённи қайнатиб, хамиртуруш тайёрлаймиз, — дейди Хуршид Фозилов. — Бу ота-боболардан қолган усул. Бунда бобомиздан мерос кичик мис жомдан фойдаланамиз. Бундай хамиртуруш хамирни жуда тез етилтиради. Нонни хуштаъм, хушхўр қилади. Ширмой ноннинг ранги ҳам бошқача бўлади.

Айтмоқчи, Фозиловлар хонадонидаги тандир бошқаларникидан ажралиб туради. Ҳажми катта. Новвой унинг ичига бемалол кириб чиқади. Бу тандирда бирваракайига 50 - 55 та ширмой нон ёпиш мумкин. Хуршид ва унинг шогирдлари мижозларга кунига 350 – 400 тагача нон етказиб беришмоқда. Дастурхоннинг кўрки, шоҳона неъмати саналган бу нонлар тинч ва фаровон ҳаётимизнинг рамзи, тўкинчилик тимсоли, албатта.

Муҳаммад ота ва унинг фарзанду неваралари умргузаронлик қилаётган «Қўрғон» га келсак, бу ҳудудда одамларни бир умр ҳалол меҳнатга даъват этиб, ўзидан ўлмас маънавий мерос қолдирган Хўжаи Жаҳон, яъниким Хўжа Абдулхолиқ Ғиждувоний қадамжоси бор. Қадимийлиги номиданоқ кўриниб турган маскан Бухоро вилоят ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар саъй – ҳаракати билан туризм маҳалласига айлантирилмоқда. Бинобарин, кулолу пичоқсоз, зардўзу каштачилар хонадонлари қаторида сайёҳлар бу ҳовлига ҳам келиб, новвойларнинг ажабтовур тандирини, унда нон ёпиш жараёнини кўришади, Муҳаммад отанинг новвойлик ҳақидаги суҳбатларидан баҳраманд бўлишади.Тандирдан эндигина узилган хушбўй ширмой нон таъминику, айтмай қўя қолайлик.

Истам ИБРОҲИМОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер