Ғиждувонда "Ўзбек тили — меҳр тили!" кўрик-танлови ўтказилди

17:42 16 Октябр 2023 Жамият
570 0

Фото: "Халқ сўзи"

Ҳар бир миллатнинг ўз Ватани, оиласи бўлгани каби унинг жонажон ва бетакрор она тили ҳам бўлади. Шу боис инсон учун унинг юрти, ота-онаси, оиласи қанчалик қадрли бўлса, унинг тили ҳам шу қадар азиз ва муқаддасдир.

Фарзанд тарбиясида онанинг ўрни беқиёс бўлганидек, инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топишида, камолотга етишида тилнинг ўрни улкан аҳамиятга эга.

1989 йил 21 октябрь санаси миллатимиз учун муҳим саналардан биридир. Ўттиз тўрт йил аввал Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонуни қабул қилиниб, тилимизга давлат тили мақоми берилган. Шу муносабат билан юртимиз бўйлаб қадриятлар бешиги бўлган она тилимизни улуғлашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 34 йиллиги муносабати билан жорий йилнинг 16 октябрь куни Ғиждувондаги Баркамол авлод болалар мактабида "Ўзбек тили — меҳр тили!" кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Тадбир туман ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, туман маданият ва мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Кўрик-танлов иштирокчиларининг ишлари Республика Маънавият ва маърифат маркази Ғиждувон туман бўлинмаси раҳбари У. Эргашов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, ёзувчи С. Даминов, "Соғлом авлод" кўкрак нишони соҳиби, халқ маорифи аълочиси, маданият фидойиси бастакор ва ёзувчи Р. Авезов, профессионал созанда ва блогер С. Ярашов, туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси А. Юлдашев, Қозоғистон Республикаси Дунё талантлар уюшмасининг "Моҳир сухандон" кўкрак нишони соҳиби Ш. Очилов каби ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан баҳолаб борилди.

Якунда14-умумтаълим мактаби биринчи, 29-умумтаълим мактаби иккинчи, 24 ва 29-умумтаълим мактаб жамоалари учинчи ўринни қўлга киритди. Ғолиб жамоалар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Тадбирда Ғиждувон туман ҳокимининг ўринбосари Ш. Шарипов сўзга чиқиб, танловни ўтказишдан асосий мақсад умумий ўрта таълим муассасаларида таълим олаётган ўқувчи-ёшларнинг она тилига оид билим ва кўникмаларини ошириш, унга бўлган меҳр-муҳаббатни янада юксалтириш, бу орқали ёшларнинг маънавий онгини ўстириш ва ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга қаратилганини таъкидлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер