География фани керак ... эмасми?
Ижтимоий тармоқлар ва Интернет нашрларида мактабларда география фани дарслари қисқартирилаётгани билан боғлиқ ҳолатга турли муносабатлар билдирилмоқда. Халқ таълими вазирлиги томонидан киритилаётган бу ўзгаришни шарҳлаб ўтириш шартмас. Қисқа қилиб айтганда, ўзи анчайин қисқа соатларга мўлжалланган география дарслари яна қисқартириляпти экан. Кишини ўйлантирадигани шуки, сиёсат учун ҳам, иқтисодиёт учун ҳам, фан учуну инсон дунёқараши учун ҳам ўта муҳим бўлган географиядек фан шунчалар қадрсиз, ўнинчими, ўн бешинчими даражали бўлиб қолдими? Ахир инсоният тамаддуни айни шу борлиқ ҳақидаги таълим туфайли равнақ топган-ку! Жаҳоннинг манаман деган давлатлари географлар сабаб бой-бадавлат бўлмаганми аслида. Айрим мамлакатлар миллий жўғрофия жамиятларининг тарихи, керак бўлса, Фанлар академияларидан ҳам бойроқ Уларда мана шу курраи замин аниқ-лўнда ўрганилиб, барча йўналишдаги харитаси чизиб бўлинган эса-да, ҳали-ҳамон тадқиқотлар тўхтагани йўқ.
Илк дунёқараш бола туғилган хонадондан, гўшадан бошланади. Ўша жойлар ҳам кичик бўлса-да, географик объект ҳисобланади. Сўнгра боладаги олам ҳақидаги билим ва тушунча боғча ҳамда мактабда мукаммалашади. Лекин бугун ёшларимиз, ҳатто олий таълим талабалари орасида ҳам, ишонинг, қўшни давлатлар пойтахтларини билмайдиганлар борлигига нима дейсиз?! Бу сабаби умумтаълим дарс жадвалида географиянинг мавқе пасайиб кетганлигида эмасмикан? Ҳар қандай мукаммал билим ҳамма фанлардан озми-кўпми билиш орқали шаклланади. Биологияни география тўлдирадиган, география ҳақидаги тушунчани адабиёт бойитадиган ҳолатлар ҳар манбада бор. Улуғ мутафаккир аждодларимизнинг қай бирини олмайлик, барида география билан боғлиқликни кўрамиз.
Хуллас, шундай ажойиб, қизиқарли ва керакли фанни ўқитиш соатларини имкон қадар қисқартирмаслик керак. Токи эрта бир кун авлодларимиз жонажон Ўзбекистонимиз қайси қитъада жойлашганини ҳам билмай турмасин тағин.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи.”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг