Газ ва нефть нархининг пасайиши экспорт тушумларимизга салбий таъсир кўрсатади
Кеча Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат, молия вазирликлари, Марказий банк раҳбар ва масъул ходимлари иштирокида жаҳон молия ҳамда хом ашё бозорларидаги охирги ўзгаришларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини ўрганиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
Бош вазирнинг ўринбосари, иқтисодиёт ва саноатни ривожлантириш вазири Жамшид Қўчқоров мазкур мажлис натижалари, хусусан, газ нархининг пасайиши экспорт кўрсаткичларига қандай таъсир қилиши ҳақида Твиттердаги саҳифасида фикр билдирди.
“Биринчидан, газ нархининг пасайиши (нефть нархининг пасайиши сабабли) ва айрим мамлакатлар миллий валютасининг девальвацияси экспорт тушумларимизга салбий таъсир кўрсатади, шу билан бирга нефть ва газ нархи пасайишининг ички бозорга ижобий таъсири ҳам ўрганиб чиқилади. Халқаро товар ва молия бозорларида юзага келган вазиятнинг сўмнинг алмашув курсига таъсирини ҳозирча нейтрал деб баҳолаймиз, — дедит у. — Иккинчидан, газ нархи пасайиши сабабли давлат бюджети даромадларининг йўқотишлари олтин нархининг юқори эканлиги ҳисобига тўлиқ қопланади. Умуман олганда, Давлат бюджети барча мажбуриятларини тўлиқ таъминлаш имконига эгадир.
Учинчидан, мазкур масала бўйича асосий савдо ҳамкор давлатларимиз расмий идораларининг 9-мартдаги баёнотларини, асосийси, уларнинг макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга бўлган жиддий режаларини ижобий баҳолаймиз;
Тўртинчидан, халқаро молия ва товарлар бозорларида юзага келган қалтис вазиятнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирининг кўлами биринчи навбатда ушбу тебранишларнинг қанчалик узоқ муддат давом этишига боғлиқдир.
Юзага келган вазиятнинг Ўзбекистондаги макроиқтисодий барқарорликка салбий таъсирини минималлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга киришилди. Шу мақсадда учта идора вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳи тузилди.
Фурсатдан фойдаланиб шуни маълум қилмоқчимизки, жорий йилнинг 13 март куни Москва шаҳрида МДҲ давлатлари иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Унда ушбу масалани ташқи савдо бўйича асосий ҳамкор давлатларимиз вакиллари – ҳамкасбларимиз билан яна бир бор муҳокама қилиб оламиз.
Ишчи гуруҳи ва тегишли идоралар жаҳон молия ва хом ашё бозорларидаги ўзгаришларни диққат билан кузатиб борадилар ва оммавий ахборот воситалари орқали маълумот бериб турадилар“.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг