Фурқат Сидиқов Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси раҳбари Шарлотт Адриан билан учрашди
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати
2022 йил 30 ноябрь куни ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқов Элчи, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси раҳбари Шарлотт Адриан билан учрашди.
Мулоқотда иқтисодий дипломатияни мустаҳкамлаш масалалари, хусусан, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида инвестиция, савдо, молия, кадрлар тайёрлаш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришнинг долзарб йўналишлари муҳокама қилинди.
Европалик дипломат 2022 йил 17-18 ноябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган вазирлар учрашуви ҳамда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқалар бўйича халқаро конференция якунларини юқори баҳолади. Ш.Адриан бундай тадбирлар икки минтақа ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Томонлар 2021 йил апрель ойида Ўзбекистонга ГСП+ тизимининг бенефициар давлати мақоми берилиши муносабати билан Европа Иттифоқи мамлакатларига кенг турдаги ўзбек маҳсулотларини бож тўловларисиз етказиб бериш имкониятлари кенгаяётганини билдирди.
Учрашув якунлари бўйича иқтисодий соҳада эришилган келишувларни амалга оширишни таъминлаш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ўртасида мунтазам мулоқот ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг