Фуқарони 500 доллар эвазига аэропортга ишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс қўлга тушди
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқарони аэропортга ишга киритмоқчи бўлган фирибгар ушланди, деб хабар бермоқда «Хавфсизлик» Telegram-канали.
Хабарда айтилишича, И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти Авиация хавфсизлик хизмати қўриқлаш бўлинмаси назоратчиси пойтахтда истиқомат қилувчи фуқарони аэропортда фаолият юритувчи мансабдор танишлари орқали Қўриқлаш бўлинмаси назоратчиси лавозимига ишга киритиб қўйишини айтиб, эвазига 500 АҚШ доллари талаб қилган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу шахс талаб қилинган 500 АҚШ доллари пул маблағини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Дастлабки суриштирув давомида, мазкур шахс аэропортга ишга жойлаб қўйиш учун ўнга яқин фуқародан 500-1000 АҚШ доллари миқдорида пул олганлигига иқрор бўлган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг