Фуқаролар мурожаатлари асосий эътиборда

20:17 16 Апрель 2026 Жамият
116 0

Фуқаролардан келиб тушаётган ҳар бир мурожаатни ўрганиш ва унга эътибор қаратиш Сирдарёлик депутатлар фаолиятининг асосий мезони ҳисобланади. Масалан, экинларни суғориш бўйича мурожаатлар кўпайганидан билдикки, дарё ва каналларимизда сув камайиши томорқа хўжалигини юритишга салбий таъсирини кўрсата бошлади. Буни дастлаб Ховос туманининг чекка “Ўзбекистон тўкинчилиги” маҳалласидаги сайловчилар билан учрашувда англаб етдим. Маҳалладаги 63 гектар томорқа сув йўқлиги туфайли қаровсиз бўлиб қолган. У 4357 кишилик аҳоли учун қўшимча даромад манбаи ҳисобланади. Масалани чуқур ўргансак, вилоятимизда мана шундай ҳолатдаги маҳаллалар сони 44 талиги маълум бўлди.

Ушбу муаммони ҳал қилишда Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан-фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асос бўлди. Мазкур ҳужжатга биноан депутатларимиз томонидан аниқланган оқар сув таъминотисиз маҳаллаларга сессия қарори билан 56,1 млрд сўм ажратилди. 17 та насос агрегати ўрнатилди, 30,3 км лоток-ариқ тармоқлари қурилди ҳамда 18,6 км тупроқ ўзанли каналлар бетонлаштирилди.

Вилоят аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этишини назарда тутиб, уларни баркамол қилиб тарбиялаш, келажакда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш ҳам диққат марказига олинди. Гулистон тумани “Дўстлик” маҳалласидаги сайловчилар билан учрашувда ёшлар маҳаллада “IT-markaz” ташкил қилиш истагини билдирди, депутатларнинг ташаббуси билан “IT-markaz” қуришга 5 млрд. сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, вилоятдаги умумтаълим мактаблари кутубхоналарини ўзбек миллий ва жаҳон адабиётининг сара намуналари билан бойитиш учун 125 номдаги 25 минг дона китоб харид қилиш масаласи ҳам ҳал бўлди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, маҳаллий Кенгаш сессияларида жойларда аҳоли томонидан кўтарилган масалаларни ҳал қилиш учун маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан маблағ ажратиш кескин кўпайди. Масалан, бу борада 2025 йил биринчи чорагида ушбу мақсадларга 57 млрд сўм , жорий йил эса ушбу муддатда 112,3 млрд сўм ажратилди ҳамда 22 млрд сўм ҳисобига 38.6 км йўл таъмирланди. Шунингдек 15 км ичимлик сув тармоқлари тортилиб, 2 600 кишидан иборат аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Депутатлар томонидан қабул қилинган қарорлар ижросига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 47 та мактаб, 45 та мактабгача таълим муассасаси, 38 та соғлиқни сақлаш объектлари фойдаланишга топширилиши лозим эди. Аммо депутатларимизнинг жойлардаги ўрганишлари шуни кўрсатдики, аксарият МТТ ва соғлиқни сақлаш муассасалари фойдаланишга топширилмаган. Шу боис сессия қарори билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 6, 24, 256-моддаларига мувофиқ вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Хидировга “Кенгаш сўрови” юборилди, ижро қатъий назоратга қўйилди.

Сайловчилар дардини, уларнинг ўй-фикрларини яқиндан билишда маҳалла “еттилиги” билан ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда, ҳар ойнинг охирги ўн кунлигида аҳоли билан учрашувлар ташкил қилинмоқда. Ваколат давримиз бошлангандан, яъни, ўтган 1,5 йил мобайнида ўтказилган 1578 та учрашувда сайловчиларимиздан 2103 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 256 таси вилоят даражасида, 1844 таси туман ва шаҳар даражасида ҳал этиладиган муаммолар экани аниқланди. Жорий йил февраль ойидаги учрашувлардаги мурожаатларда билдирилган масалаларнинг 44 таси вилоят даражасида ҳал қилинди.

Мурожаатларда билдирилган ва бевосита жойлардаги ўрганишларимизда аниқланган масалаларни ҳал қилишда ваколатимиз доирасидаги “Депутат сўрови” институтининг ўрни катта. Хусусан, жорий йил бошидан бери раҳбарларга 447 та сўров юборилган бўлиб, уларнинг 184 таси, яъни 41,1% фоизи ижобий ҳал қилинди. Афсуски, сўровларнинг 4 % фоизига 10 кунлик муддатдан кечикиб жавоб берилди. Бу масала маҳаллий Кенгашларимизнинг апрель ойидаги сессиялари муҳокамасига киритилади.

Яна бир жиҳат шуки, ҳозирги кунда ўз депутатлик фаолияти билан барчага ўрнак бўла оладиган халқ вакилларини рағбатлантириш ва тажрибаларини оммалаштириш учун рақамли платформани ишга туширганмиз, ярим йил якунлари бўйича сарҳисоб қилишни режалаштирганмиз.

Маълумки, Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида: “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади. Айнан маҳалладаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларга қараб, одамлар ислоҳотларимизга баҳо беради”, деб таъкидлади. Бугунги кунда Сирдарё вилоятидаги вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг жами 270 нафар депутати ўз иш режалари, дастурларини юқоридаги талаб асосида тузган. Ўтган биринчи чорак якуни шуни кўрсатмоқдаки, депутатларимиз ҳақиқий “халқ овози” бўлиш учун астойдил ва изчил фаолият юритмоқда.

Абдушокир Абдураҳмонов,

Халқ депутатлари Сирдарё вилояти

Кенгаши котибияти мудири,

вилоят Кенгаши депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер