Франкфуртдан Тошкентга навбатдаги чартер рейс ташкил этилди
Бугун Республика махсус комиссияси қарори билан Европа давлатларида вақтинча бўлиб турган ва COVID-19 туфайли юртимизга қайтиб кетолмаган ватандошларимизни Ўзбекистонга қайтариш мақсадида Тошкент – Франкфурт-Майн – Тошкент йўналишида навбатдаги чартер рейс ташкил этилди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
«Uzbekistan Airways» авиакомпанияси самолёти бортида Германия, Швеция, Швейцария, Чехия, Буюк Британия, Испания, Италия, Норвегия ва Бельгия давлатларидан 172 нафар йўловчи, жумладан, ўзбекистонлик талабалар, сайёҳ сифатида келганлар, қариндошларининг уйларида вақтинча бўлиб турган ҳамюртларимиз, шунингдек, юртимиздаги турли ишлаб чиқариш корхоналарининг хорижий мутахассислари жой олди.
Айтиш жоиз, бундан аввал Франкфурт-Майн – Тошкент йўналишида 370 нафар ҳамюртимиз махсус рейсда Ўзбекистонга олиб келинган эди.
– Аввало халқимизни кириб келаётган юртимиз Мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами билан самимий табриклайман, —деди ватандош Нуриддин Умиров. —Ҳукуматимиз томондан хорижда меҳнат қилаётган ва таълим олаётган биз ёшларга қаратилаётган эътибордан жуда хурсандмиз.
Германиядаги таътильдан унумли фойдаланган ҳолда бугунги махсус рейс билан Ватанга йўл олдик. Ушбу чартер рейсни ташкил қилган барча ташкилотчиларга ўз миннатдорлигимни билдираман. Насиб қилса Ватанга, ота-онамиз бағрига соғ-саломат етиб олиб, байрамни муносиб нишонлаймиз. Ўзбекистонда Германия «сариқ зона» ҳудудга киритилганини инобатга олиб карантин вақтини ҳам ўз уйимизда ўтказишмиз ҳақидаги хабар бизни янада қувонтирмоқда.
— Биринчи навбатда ушбу чартер рейсни ташкил этгани учун ҳукуматимизга миннатдорлик билдираман, — деди ҳамюртимиз Исмоил Жўраев. —Мен қатори Европанинг кўпгина давлатларида қолиб кетган юртдошларимиз учун Ватанга қайтишга имконият яратиб беришди. Бугунги пандемия пайтида мазкур ишлар давлатимиз томондан ҳамюртларимизга кўрсатилаётган юксак эътиборидан далолатдир.
Фурсатдан фойдаланиб юртдошларимизни жонажон Ўзбекистонимиз Мустақиллигининг 29 йиллиги билан табриклайман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг