Филармониялар ўртасида ўтказилган танлов ғолиблари аниқланди
Жиззах шаҳридаги вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистон давлат филармонияси ҳудудий бўлинмалари жамоалари ўртасида бўлиб ўтган республика кўрик-танлови ғолиблари аниқланди.
Учинчи марта ўтказилаётган кўрик-танловда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар филармониялари ҳудудий бўлимлари ижодий жамоалари иштирок этишди.
Дастлаб кўрик-танловда алоҳида эътироф этилган жамоалар турли номинациялар билан тақдирланди. Хусусан, Фарғона вилояти вакиллари “Ватанни мадҳ этган энг яхши жамоа”, Бухоро вилояти жамоаси “Энг яхши оммавий рақс ижро этган жамоа”, Самарқанд вакиллари “Энг яхши бадиий жамоа”, Андижон жамоаси “Энг яхши анъанавий ижро этган жамоа” ҳамда Жиззах вакиллари “Энг яхши созандалар жамоаси” номинациясига сазовор бўлди.
Танлов натижаларига кўра биринчи ўрин Наманган вилояти, иккинчи ўрин Фарғона вилояти ва учинчи ўрин Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси ижодий жамоаларига насиб этди.
Ғолиблар диплом, эсдалик нишон ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Жиззах вилоят ҳокими ўринбосари Акмал Савурбоев иштирок этди.
Толибжон ЭРГАШEВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг