Фидокорона меҳнатлар эътирофи
Фото: «Халқ сўзи»
Президентимизнинг ўтган йил декабрь ойидаги Фармонига мувофиқ, фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳаларининг бир гуруҳ вакиллари мамлакатимиз илм-фани, адабиёти ва санъатини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси, жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник ва маънавий-маърифий ҳаётида алоҳида эътиборга сазовор бўлган, халқаро миқёсда эътироф этилган фундаментал тадқиқотлари, замон талабларига жавоб берадиган юксак, мазмунан долзарб ижодий ишлари учун Давлат мукофотлари билан тақдирланган эди.
Пойтахтимизда ушбу юксак мукофотлар ўз эгаларига топширилди.
Тадбирда таъкидланганидек, инсон қадри устувор юртда меҳнатлар, фидойилик, албатта, ўз эътирофини топади. Халқнинг эъзозига, давлатнинг эътиборига сазовор бўлади.
Янгиланаётган Ўзбекистонда иқтисодиёт, таълим, илм-фан, адабиёт, санъат ва меъморлик соҳалари замон андозаларига мос ривожланмоқда. Бу борада ўз иқтидори, фидойилиги, ватанпарварлиги, жонкуярлиги билан бошқаларга ўрнак бўлаётган юртдошларимизга алоҳида эҳтиром кўрсатилмоқда. Мазкур Давлат мукофоти бунинг яна бир ҳаётий исботидир.
— «Жалолиддин Миртожиев Давлат мукофотига муносиб кўрилди» деган хушхабарни эшитиб, тўғриси, йиғлаб юборгандим, — дейди ҳайкалтарошнинг турмуш ўртоғи Назия Миртожиева. — Бугун ушбу юксак мукофотни қўлга олар эканман, ўша туйғу, ҳаяжон, қувонч қалбимни яна тўлқинлантириб юборди. Турмуш ўртоғимнинг сувратию сийрати, ижод машаққатлари кўз олдимда жонланди. Қани энди ижодкор ҳаёт бўлсаю мана шу эъзозни, ҳурмат-эҳтиромни ўзи кўрса, меҳнатлари роҳатини ўзи тотса! Афсус, тақдир бизнинг қўлимизда эмас. Жалолиддин Миртожиев ўзидан катта мерос қолдирди. У яратган асарлар — улуғ аждодларимиз ҳайкаллари мамлакатимизнинг турли шаҳарларида, ҳатто жаҳоннинг улкан мегаполисларида савлат тўкиб турибди. Ижодкор дунёдан ўтган бўлса ҳам руҳан биз билан доим бирга, қалбимизда барҳаёт. Бу инсоннинг халқимиз ардоғида эканидан фахрланамиз, хурсанд бўламиз.
Давлат мукофотларини топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси О. Абдураҳмонов иштирок этди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг