Фарзандларимиз тарбиясига нима бўлди?
Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир.
Абдулла Авлоний
Охирги пайтларда таълим-тарбия мавзусида кўплаб фикрлар билдирилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айниқса, телевидение ва интернет тармоқларидаги чиқишларнинг сон-саноғи йўқ. Қаерга қарамайлик ҳамма жойда бир муаммога дуч келяпмиз — фарзандларимиз бетарбия бўлиб кетишди! Олдин шўхлик деб қаралган ёки тушунилган жиҳатлар, минг афсуслар бўлсинки, бугуннинг боласи хулқида чивинчалик ҳам эмас. Бунга яна бир мисолни бу жойда кўринг.
Пиротехника, аниқроғи фақат портлайдиган тури яна кўчаларимизда одамларимиз тинчини бузишни бошлабди. Яна ўша, бир вақтлар асосан кичик болаларда «урф»га айланган безорилик кучайиб, ҳатто чақалоқ кўтарган аёллар ва кексалар ҳам бу балодан ўз "насибалари"ни олишни бошлашибди. Хўш нега бир вақтлар бунга қарши қаттиқ курашдик ва нега бу нарса яна қайтарилмоқда? Ахир "яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи" каби тушунчалари бор халқ эмасмизми? Назорат сусайиб кетдими? Албатта, яна кимлардир жавобгар бўлиб, яна кимларнидир қамаш керакми? Нега шу каби, кўринишидан жуда кичик иллат бўлган, лекин одамларимизнинг асабини бузадиган оддий масалалар қанча вақт ўтишига қарамасдан ўз ечимини топа олмаяпти?
Фикримизча сабаби оддий! У ҳам бўлса тарбия, тарбия ва яна тарбия... лекин шу ўринда бир савол туғилади. Айтайлик кўчада бизга қарата шундай "портлайдиган ўқ" отган безориларни бирини ушлаб олдик, кейин нима қилсак тўғри бўлади? Йўқ, албатта, юқоридаги мунозарада қатнашаётган бир иштирокчи каби ушланганни "бир жойига"яхшилаб келиштириш ҳам мумкиндир эҳтимол... Лекин шу ечим бўладими? Ўзи умуман шу каби "кичик" муаммоли масалаларга қисқа ва энг муҳими таъсирли ечим механизмларини излаб топиш вақти келмадими?!?
Дунё мамлакатлари тажрибасида жуда яхши таъсир қиладиган "тарбия"лаш механизмларидан яна бири, бу албатта жарима солиш йўлидир. Кўр-кўрона ёки шунчаки номигагина эмас, айнан таъсир қиладиган, жамиятнинг бир аъзоси қўлга тушиб жаримани тўлаганда бошқа мингтаси таъсирланадиган жарима ҳақида айтмоқчимиз албатта...
Энг ачинарлиси, буни баҳс мунозара қилаётган ҳамюртларимиз билдираётган фикрлардан ҳам тушуниб олсак бўлади, албатта. "Бу ерда давлат идоралари роли қандай ва умуман бу нарсалар бир вақтлар қаттиқ таъқиб қилинганди-ку, нега энди тўхтаб қолди? Божхона идораси қаерга қараяпти? Солиқчилар, ички ишлар ходимлари қаерда қолди?" каби қарашларнинг борлигидир...
Кишиларимиз бозорларда ёки савдо расталарида бу нарсалар очиқ-ойдин сотилаётганлиги ва вақти келса ҳуқуқ-тартибот идораларимиз ходимларининг бу масалани кўриб-кўрмасликка олишларини қаттиқ қораламоқдалар.
Давлатга, унинг масъул ходимларига бўлган ишонч шу каби майда иллатлар сабаб яна ҳам сусаймоқда! Умид қиламизки, бундан тезроқ хулоса чиқариш ва зарур чора тадбирлар кўриш,давлат ва жамият тинчлиги йўлида қилишимиз керак бўлган зарур ишлардан бири бўлиб қолади...
Адҳам Фаттахов,
иқтисод фанлари доктори, профессор,
Маҳмуджон Азимжон ўғли,
магистр, “Global Outreach Inc.” (АҚШ)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг