Фарғонадаги Экошаҳарда янги боғ барпо этилди

10:38 15 Июль 2024 Жамият
334 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Президентимиз Фарғона вилоятига ташрифи чоғида вилоят марказида бунёд этилган замонавий шаҳарчада бўлиб, қурилиш, бунёдкорлик ишлари билан танишди.

«Янги Ўзбекистон» турар-жой массиви 65 минг аҳоли яшаши учун мўлжалланган. Массив ҳудудида 70 гектар ҳудудда «Янги Ўзбекистон» боғи ташкил этилди. Экошаҳардаги янги амфитеатрда боғнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбарининг Фарғона аҳлига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

— Табрикда боғ ҳудудида жойлашган Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган касб-ҳунар мактабида муносиб ворислар тарбияланишига ишонч билдирилгани қувонтирди, — дейди Олтиариқ туманидаги «Нурли обод» фермер хўжалиги раҳбари Нурилло Неъматов. — Бу борада фермер хўжалигимиз касб-ҳунар мактаби билан ҳамкорликка тайёр.

Ўзбек эстрадаси юлдузлари иштирокидаги катта концерт дастури, муҳташам ва сўлим хиёбонлар бўйлаб сайр, болажонларнинг шодон кулгилари қалбларга сурур бағишлади.

— Боғ ҳудудидаги 4 минг томошабинга мўлжалланган амфитеатр Фарғона водийси санъаткорлари учун маҳорат мактабига айланади, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулҳай Каримов. — Бугун муаззам саҳнада туриб қўшиқ куйлаш асносида тинч-осойишта юртга шодиёналар ярашади.

Боғ сайли бутун Экошаҳар бўйлаб давом этиб, Фарғона осмони анвойи мушаклар ёғдусига тўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер