Фарғонада Жанубий Корея ишлаб чиқарувчилари саноат технопарки ташкил этади

20:40 03 Май 2023 Иқтисодиёт
829 0

Фото: "Дунё" АА

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров минтақада ўз инвестицион лойиҳасини амалга оширишни режалаштираётган 15 нафардан иборат Жанубий Корея ишбилармонларнинг катта гуруҳини қабул қилди.

Ҳоким бошчилигидаги Фарғона вилояти расмийлари ҳамда тадбиркорларидан иборат делегациянинг жорий йил 27-30 март кунлари Корея Республикасига ташрифи давомида Сеулда Жанубий Корея тадбиркорлари билан олиб борилган музокаралар натижасида Фарғона шаҳридаги Экошаҳар мажмуасининг тегишли кичик саноат зонаси ҳудудида Корейс ишлаб чиқарувчилари саноат технопарки ташкил этиш ҳамда қатор компанияларнинг ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича ҳамкорлик битимлари имзоланган эди.

Олиб борилган музокаралар натижасида «Incense Korea», «Herbtherapy» (хушбўй атирлар), «Juno cosmetics», «Samhee» (косметика), «Techon System» (сенсорли қурилмалар), «Korea Electric Lighting» (автоном лампалар), Yeowoon (заргарлик буюмлари), «Daeha Solutech» (кабель ишлаб чиқариш), «Juil» (ёнғинга қарши ҳимоя воситалари) ва бошқа компанияларнинг ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича ҳамкорлик битимлари имзоланганди.

Фарғона бўлиб ўтган учрашувда ушбу компаниялар раҳбарлари ҳамда бошқа қатор сармоядорлар иштирок этдилар.

Жанубий Кореялик тадбиркорлар кун давомида вилоятнинг потенциали ҳақида етарли маълумотга эга бўлишганини қайд этиб, ўз лойиҳаларини амалга ошириш бўйича амалий ишга киришишга тайёр эканликларини маълум қилишди.

Фарғона шаҳридаги Экошаҳар мажмуасининг тегишли кичик саноат зонаси ҳудудида Корейс ишлаб чиқарувчилари Саноат Технопарки ташкил этиш бўйича Сеулдаги музокараларда эришилган келишувни ҳаётга тадбиқ этиш ҳамда аниқ инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқишга киришишларини билдирдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер