Фарғонада тегишли ҳужжатлари бўлмаган қарийб 3 млрд сўмлик заргарлик буюмлари аниқланди
Фарғона вилоятида тегишли ҳужжатлари бўлмаган заргарлик буюмлари савдосининг олди олинди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Билдирилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси ва Божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда фуқаролар М.Т. ва М.И. давлат рўйхатидан ўтмасдан «З.» савдо дўконида хорижда ишлаб чиқарилган божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб олиб кирилган заргарлик буюмлари савдоси билан шуғулланиб келаётганликлари аниқланган.
Шундан сўнг, улардан тегишли кирим ҳужжатлари умумий баҳоси 2,9 млрд сўмлик жами 418 дона умумий оғирлиги 1898,42 грамм заргарлик буюмлари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 182-моддаси (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) ва 228-1-моддаси (давлат проба тамғаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг