Фарғонада «Саховат ва кўмак» жамғармасидан эҳтиёжманд оилаларга 1 миллиард 777 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилди

21:11 23 Декабрь 2022 Жамият
752 0

Фото: Халқ сўзи

Юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга меҳр-мурувват кўрсатишга йўналтирилган анъанавий тадбирлар муҳим саналар олдидан янада тиғиз суръатга киради. Худди шундай, айни кунларда Янги йил байрами арафасида ўтказилаётган саховат тадбирлари юзлаб оилаларга бир олам қувонч олиб кирмоқда.

Хусусан, халқ депутатлари Марғилон шаҳар Кенгаши қарори асосида «Меҳр–мурувват ойлиги» доирасида, қолаверса, янги йил олдидан шаҳарда истиқомат қилувчи бир гуруҳ эҳтиёжманд, ногиронлиги бор фуқароларга махсус аравача, қўлтиқтаёқ ва эшитиш мосламалари етказиб берилди.

Марғилон шаҳрининг «Орол бўйи» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Салима Маматова тос суяги синиши оқибатида мустақил ҳаракатлана олмай қолган. Шу билан бирга унинг оиласи кам таъминланганлар сирасига киради. Саховат тадбирлари давомида Салимага ҳам ногиронлик аравачаси ва «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Ипакчилар шаҳрининг «Косибчилик» маҳалласида яшовчи Шаҳноза Орифжонова эса 2-гуруҳ ногирони, кўп болали ва «Аёллар дафтари»да туради. Бу оилага ҳам «Саховат ва кўмак» жамғармаси томонидан ногиронлик араваси, озиқ-овқатлар етказилди.

— Бундай эзгу ишлар давом этмоқда ва янги йилда янада кенг қулоч ёзиши шубҳасиз, — дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Марғилон шаҳар бўлинмаси раиси Зиёвиддин Мамажонов. – Шу кунларда Марғилон шаҳри бўйлаб ўнлаб эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиб, байрам совғаларини тарқатмоқдамиз.

Маълумотга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Фарғона вилоятидаги эҳтиёжманд, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари»да турган оилаларга «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан умумий қиймати 1 млрд. 777 млн. 368 минг сўмликдан зиёд моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Ботир МАДИЁРОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер