Фарғонада Қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси 50 минг доллар билан ушланди
Фото: ДХХ
Фарғона вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси 50 минг доллар пора олаётганда ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Фарғона вилоятининг Боғдод туманида яшовчи, 42 ёшли (муқаддам судланган) шахс маҳаллий тадбиркорга кўп қаватли уй-жой қуриш учун ер майдони олишида ўзининг мансабдор танишлари орқали ёрдам беришини айтади.
Хусусан, 2020 йилда бошқа бир фуқарога кам таъминланган ва ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида иссиқхона ташкил этиши учун ажратиб берилган 29 гектар ер майдонидан 5 гектар қисмини тоифасини ўзгартириб, уй-жой қуриш учун олиб бериш эвазига 400 минг доллар талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс олдиндан 50 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг мансабдор таниши ҳисобланган – Фарғона вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси ушбу 50 минг долларни олган вақтида қўлга олинган.
Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг