Фарғонада қардош Ўш вилояти делегацияси иштирокида туризмни ривожлантириш бўйича конференция ўтказилди
Фото: “Халқ сўзи”
Фарғона шаҳрида Қирғизистон Республикасининг Ўш вилояти делегацияси ва вилоятда туризм соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари иштирокида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Учрашувда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари – вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Хуршиджон Аҳмедов юртимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда Фарғона водийсидаги ягона Туризм техникуми фаолиятида ҳақида маълумот берди. Вилоятда қардош халқ тадбиркорлари билан биргаликда туризм ҳалқасини очиш таклифини билдирди. Туризм ҳалқаси икки ҳудуднинг энг диққатга сазовор масканлари бўйлаб янги маршрутларни очишни назарда тутади.
Конференцияда икки вилоятнинг туризм масканлари тақдимоти ўтказилиб, бу борадаги салоҳиятни намоён этувчи кўргазмалар намойиш этилди. Замонавий мутахассислар тайёрлаш борасида бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.

— Ташриф давомида Марғилон шаҳрида жойлашган Ҳунармандлар марказида бўлиб, ўзбек миллий либослари бренди бўлган адрас ва атлас тўқиш жараёнлари, миллий либослар кўргазмасини бориб кўрдик,—дейди Қирғизистон Республикаси Президентининг Ўш вилояти бўйича маслаҳатчиси Абдулқодир Алиев. —Ўз навбатида XVIII асрга оид Пир Сиддиқ тарихий – маданий ёдгорлиги билан танишиш ҳам делегациямизда катта таассурот қолдирди.
Юзма – юз мулоқотлар якунида Фарғона ва Ўш вилояти ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, туризм соҳасида ўзаро шерикликда ишлаш, ўзаро сайёҳ алмашиш ҳамда соҳадаги илғор тажрибалардан унумли фойдаланишга келишиб олинди.

Шунингдек, қардош халқ делегациясига мамлакатимиз тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи китоб туҳфа этилди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг