Фарғонада «Ўзбекистонда Хитой санъати» ёшлар ижодий кўргазмаси очилди

11:57 11 Февраль 2026 Жамият
342 0

Фарғона вилояти тарихи ва маданияти музейида «Ўзбекистонда Хитой санъати» номли ёшлар ижодий асарлари кўргазмаси ўз фаолиятини бошлади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда Пекин ташқи маданият ва савдо ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур кўргазмада ёш мўйқалам усталарининг энг сара ижод намуналари жамланган. Экспозицияда Ўзбекистон ва Хитой манзаралари, Буюк ипак йўли тарихи, кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари, шунингдек, икки қардош халқнинг муштарак қадриятлари бадиий ифода этилган.

Таъкидлаш жоизки, Хитой ёш рассомларининг ушбу асарлари яқинда Фарғона вилояти делегациясининг Хитойга амалга оширган ташрифи доирасида ҳам намойиш этилган эди. Ўзбекистон–Хитой дўстлик муносабатлари мавзусида ўтказилган танловда фаол иштирок этган 300 нафардан ортиқ хитойлик ёшларнинг ишлари кўргазмага қўйилган. Ўзаро келишувга мувофиқ, эндиликда ушбу ижод намуналари Фарғона шаҳрида ҳам намойиш этилмоқда.

Айни пайтда музейнинг кўргазмалар залида Хитойнинг 30 та провинциясида истиқомат қилувчи 300 нафардан зиёд ўқувчи-ёшлар ижодига мансуб ранг-баранг мавзудаги асарлар намойиш этилмоқда. Бу эса фарғоналик тенгдошлар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда.

— Яқин вақт ичида Хитойда ўзбекистонлик ёш рассомларнинг ижодий кўргазмасини ташкил этиш режалаштирилмоқда, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов. — Шу мақсадда Ўзбекистон Бадиий академиясининг Фарғона вилояти бўлими ҳамда хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда ёшлар ўртасида ижодий танлов ўтказиш кўзда тутилган. Ғолиб асарларни Пекин шаҳридаги кўргазмалар залида намойиш этиш бўйича келишувга эришилди.

Мазкур ташаббус маданият ва санъат соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасида дўстлик ва ижодий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер