Фарғонада Олий Мажлис Сенати Кенгашининг сайёр мажлиси ўтказилди
Фото: “Халқ сўзи”
Фарғона вилояти ҳокимлиги мажлислар залида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди.
Унда видеоконференсалоқа орқали Вазирлар Маҳкамаси ва вазирликлар масъуллари, вилоятдаги шаҳар ва туманлар студиялари орқали эса маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда шаҳар, туман ҳокимликлари масъуллари иштирок этди.
Шунингдек, йиғилишда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари, Сенат қўмиталари раислари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Маълумки, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарорига кўра, Фарғона вилояти туманларини (шаҳарларини) ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг самарали ижро этилишини таъминлаш бўйича “Йўл хариталари” тасдиқланган. Айни пайтда шу асосда изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Ўз навбатида вилоятнинг ҳар бир тумани (шаҳри) кесимида Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатларидан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилди. “Йўл хариталари” ижроси устидан алоҳида тартиб асосида самарали парламент ва депутатлик назорати йўлга қўйилди.
Олий Мажлис Сенати Кенгашининг Фарғонадаги бугунги сайёр мажлисида парламент назорати доирасида “Йўл хариталари” ижросини ўрганиш натижалари таҳлил қилинди.
Таъкидланганидек, ўтган даврда вилоят ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси бўйича бир қатор ижобий натижаларга эришилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, экспорт, аҳолини бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш сингари муҳим йўналишларда ижобий ютуқларга эришилди. Мажлисда ижтимоий дафтарлар рўйхатига киритилган ҳамюртларимизга амалий ёрдам кўрсатиш борасидаги ютуқлар ҳам ҳам алоҳида эътироф этилди. Мисол учун, ҳисобот даврида “Аёллар дафтари”га киритилган 105,1 минг нафар хотин-қиз ҳамда “Ёшлар дафтари”даги 23,9 минг нафар йигит-қизга амалий ёрдам кўрсатилди.
Таҳлил ва танқид руҳида ўтган йиғилишда вилоятда эришилган ижобий ишлар билан бирга мавжуд камчилик ва муаммоларга эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунида мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан Сенат Кенгашининг қарори қабул қилинди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг