Фарғонада Хитой технопарки ташкил этилади
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Айни пайтда Фарғона вилоятида Хитой инвестицияси иштирокидаги 150 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бу сўнгги йилларда ҳамкорлик кўлами жадал ривожланиб бораётганидан далолат беради.
Шу йилда Фарғона вилояти делегациясининг чин юртига навбатдаги ташрифи чоғида ҳудудлараро ҳамкорлик истиқболини таъминлашга қаратилган бир қатор келишувларга эришилди. Ҳозирда Фарғона вилоятида Хитой технопаркини ташкил этиш орқали истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Айни жараёнда вилоятдаги кичик саноат зоналари ҳамда «Қўқон» эркин иқтисодий зонасида ҳам хитойлик тадбиркорлар иштирокида янги лойиҳаларни ишга тушириш режалаштирилган.
Фарғона вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган навбатдаги учрашувда Хитойнинг «Ding Li group», «Shandong develop new material», «Zhejiang Yizhou Machinery Technology», «Teeyer» компаниялари раҳбарлари билан инвестицион лойиҳалар ижроси муҳокама қилинди.
Учрашувда «Zhejiang Yizhou Machinery Technology» компанияси раҳбари Жан Лихю Фарғонада қурилиш саноати учун ускуналар ишлаб чиқаришни режалаштираётганини маълум қилган бўлса, «Teeyer» компанияси вакиллари 15 млн. доллар инвестиция киритиш ҳисобига қурилиш блоклари ишлаб чиқариш мақсад қилинганини таъкидлашди.
Фарғона вилояти ҳокими бу эзгу ташаббуслар вилоят иқтисодиёти учун муҳимлиги ҳамда икки томонлама манфаатли ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиши учун барча шароитлар муҳайё эканини қайд этди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг